Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий ҳамда таълим бўлими бошлиғи Жалғас Сандыбаев ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, муқаддас ислом дини ва маданиятининг асл моҳиятини дунё жамоатчилигига тушунтириш, таълим муассасалари ўқув дастури ва дарсликлари, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчи ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйиш борасида кенг қамровли музокаралар ўтказилди.
— Мен, Ўзбекистон халқаро ислом академиясини диний ва дунёвий билимлар уйғун ҳолда ўқитиб келинаётган дунёдаги нуфузли олий таълим даргоҳларидан бири сифатида биламан, — дейди ўз сўзида Муҳаммад аш-Шаххат ал-Жиндий жаноблари. — Ўзбекистон олимлари қадимдан дунё илм-фани тамаддунига катта ҳисса қўшган. Ислом динида ҳам дин ва дунёвий билимлар тенг қўйилади.
Бу ҳақида муқаддас Қуръон китоби ва айнан сизнинг юртингизда камолга етган буюк муҳаддис олимлар Имом Бухорий, Имом Термизий тўпланган кўплаб ҳадисларда ҳам келтирилган. Ёшларнинг баркамол вояга етиши ва дунёда рақобатбардош мутахассис сифатида ўз ўрнига эга бўлишида бу жуда муҳим омил, дейди меҳмон.






