Республика сув таъминоти тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 ноябрдаги “Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5883-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига кирувчи сув таъминоти давлат унитар корхоналари негизида ушбу корхоналарни масъулияти чекланган жамиятлар сифатида қайта тузиш орқали “Ўзсувтаъминот” АЖ ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Сув таъминоти тизимини такомиллаштириш бўйича ишларни изчил давом эттириш, соҳага чет эл инвестицияларини жалб этиш ва мамлакатнинг ичимлик сув таъминоти ва сув чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ташкил этилаётган масъулияти чекланган жамиятлар қайта тузилаётган тегишли давлат унитар корхоналарининг шартномалари, ҳуқуқлари (2019 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра 381,7 миллиард сўм дебитор қарздорлик) ва мажбуриятлари (2019 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра 499,8 миллиард сўм кредитор қарздорлик) бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги давлат унитар корхоналарини қайта ташкил этиш якунлангунга қадар уларнинг мол-мулки сақланишини таъминлайди.
Қарорда сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасидаги Лойиҳалар тайёрланишини молиялаштириш жамғармасини шакллантириш, шунингдек, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни кейинчалик молиялаштириш учун Осиё тараққиёт банки билан 15 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз маблағлари ажратилиши тўғрисида келишувга эришилганлиги айтилган.
Вазирлик 2020 йил 1 майга қадар Лойиҳалар тайёрланишини молиялаштириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасида ҳисоб юритилиши ва мониторингини, ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш бўйича иншоотларнинг замонавий ўлчов асбоблари (сарф ўлчагичлари) билан жиҳозланишини таъминловчи замонавий ахборот ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилишини таъминлайди.
Вазирлик, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг сув таъминоти корхоналарининг 2019 йил 1 октябрь ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек, электр энергиясини етказиб берувчилар олдидаги, жумладан, муддати ўтган қарздорлигини тўловларни 5 йил муддатга, шу муддатдан, кейинги 5 йил мобайнида ҳар ой бир меъёрда сўндирган ҳолда кечиктириш ҳамда ўз вақтида амалга оширилмаган тўлов учун ҳисобланган пеняларни ҳисобдан чиқариш йўли билан реструктуризация қилади.






