2019 йил 18 ноябрь куни тахминан соат 15:00 ларда номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида,Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 7-мавзе 14-уй 21-хонадонга ғайриқонуний равишда кириб, хонадон эгаси 79 ёшли Т.М.ни ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатган.
Талончи хонадон эгаси Т.М.нинг чап қўл номсиз бармоғида бўлган нархи 1.000.000 сўмлик тилла узугини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Бирламчи тиббий маълумотномага кўра, Т.Мга «бурун соҳаси тепа юмшоқ тўқималари лат ейиши» ташхиси қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни муқаддам судланган 34 ёшли И.Қ. содир қилганлиги аниқланиб, 2019 йил 25 ноябрь куни процессуал тартибда ушланиб, гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган, ҳамда ҳолат бўйича сўроқ қилинган.






