Об-ҳавонинг кескин совуб кетиши натижасида газ ҳамда электр иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эхтиёж ортиб боради. Бундай пайтларда айрим фуқароларнинг эхтиётсизлиги оқибатида кўнгилсиз ходисалар содир бўлиши мумкин.
Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, мазкур ходисаларни олдини олиш мақсадида газ ва электр ускуналаридан ҳамда иситиш мосламаларидан фойдаланишда қуйидаги ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилишини сўради:
- қўлбола ва носоз газ ҳамда электр иситиш мосламаларидан фойдаланманг;
- тунги вақт аҳоли турар жойларида ўрнатилган иситиш тизимини назоратдан қолдирманг;
- ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи плиталардан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланманг;
- иситиш печлари ва уларнинг мўриларини созлигига, турли буюм ва тўсиқлар билан беркитилмаслигига ҳамда махсус ташкилотлар томонидан ўз вақтида тозаланишига алоҳида эътибор беринг;
- иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсия ва йўриқномаси талабларига риоя қилинг;
- иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюм ва осон алангаланувчи махсулотларни сақламанг;
- газ ускуналарни улаш тартиб қоидаларига риоя қилинг ва уларга резина шлангалар орқали уланишга йўл қўйманг;
- агарда газ хидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланманг, дархол хонани шамоллатинг хамда газ хизматига хабар беринг.
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларга риоя этиш билан Сиз ўзингиз ва яқинларингизни ёнғиндан асраб қолган бўласиз.






