Мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси 2019 йил 21 ноябрь куни Ўзбекистон фуқароси А.М.нинг ёнғин ва ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этганини маълум қилди.
Ҳамюртимиз ушбу шаҳарга 16 ноябрь куни ишга жойлашиш мақсадида келган эди. Хабарда айтилишича, айни пайтда Россия ваколатли органлари томонидан тергов олди тадбирлари ўтказилмоқда.
Бош консулхона мазкур вазиятни назоратга олди ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги Ваколатхонаси билан биргаликда марҳумнинг жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа масалаларни ҳал қилмоқда.
Шунингдек, Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этди.
Россиянинг Урал федерал округи (Курган вилояти, Свердловск вилояти, Тюмен вилояти, Челябинск вилояти, Ханти-Мансийск автоном округи – Югра, Ямал-Ненетск автоном округи) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолатларда мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин:
+7 343 276 31 66,
+7 343 272 31 33.






