Бугун, 21 ноябрь куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округига қарашли Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи ходимлари таҳсил олиши учун ташкил этилган ихтисослаштирилган ўқув курсларининг 17-битирувига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Одил Шоимов, Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Ислом Аҳмедов, Миллий гвардия ҳудудий бошқармаси ходимлари, ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Икки ҳафталик курсларни тамомлаган ИИВ ходимларининг битирув маросимида сўзга чиққанлар 2019 йилнинг 15 январь санасидан ташкиллаштирилган ўқув курсларини бугунги кунга қадар минг нафардан зиёд ички ишлар органи ходимлари муваффақиятли тамомлаганини таъкидлашди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил ноябрь ойида Нукус шаҳрига бўлган ташрифи давомида Мудофаа вазирлиги тизимида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматчиларни маънавий-маърифий савиясини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш борасида амалга оширилган ишларни ва тўпланган тажрибани кенг оммалаштириш мақсадида ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-ватанпарварлик тарбияси самарадорлигини янада ошириш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги вазифаларни ҳал этиш бўйича қўрсатма берган эди.
Мазкур йўналиш бўйича Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимларининг таҳсил олиши учун тажриба тариқасида яратилган 15 кунлик ихтисослаштирилган ўқув курслари ўз самарасини бермоқда.
Тадбир давомида курснинг навбатдаги битирувчиларига тегишли сертификат ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати






