Бугун блогер Шаҳноза ўз блоги орқали ўқувчиларига яна бир муҳим масала юзасидан фикр мулоҳазаларини билдирди.
"Биз нимага Давлат Назар ўлими билан боғлиқ саволлар бердик? Хайпга ўчлигимизданми? Ё унинг етимларига садақа қила олмаганимиз учунми? (Пластик карта очиб рақамини қўйсалар, хайрия масаласи ҳал, имкон қадар қила оламиз).
Биз Давлат Назар воқеаси орқали сўз эркинлиги ҳақида қайғурдик. Шабнам ҳақида "провакацион" савол берган журналист ҳам шу қайғу туфайли асли кўпчиликнинг ичидаги саволни берди (комментларни ўқинглар, ахир). Абдуллоҳ қани деганда қонунийликни қидирдик. Шилов масаласида "эртага мени ҳам биров баран демасин" деб эътироз билдирдик.
Турли масалалар у ёки бу ҳодиса орқали юзага қалқиб чиқар экан, улар юзасидан савол қўйилади, бутун дунёда шундай. Йўқолиб қолган одам, автоҳалокатда ўлган журналист, жиннихонага тушган блогер ё тилига эрк берган раҳбар каби масалалар юзасидан жамият масъул органларини сўроққа тутиши табиий ҳол.
Ўша саволларни тилга чиқарсак ва хайпчи, провакатор бўлиб кетаверсак, қандай очиқ жамият қурамиз? Энди тетапоя бўлаётган фуқаролик жамияти қандай ривожланади?
Ахир, фуқаролик жамиятининг асоси "Ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун" принципида эмасми? Ҳар бир фуқаро тақдири бутун жамият тақдири билан бир нарсалигини англаш орқали одамларда жамиятга ва ватанга дахлдорлик туйғуси шаклланмайдими? Шу фуқаро муаммоси тагида турган жамият муаммосини тан олиш ва уни ечишга интилиш эмасми тараққиётнинг шарти?
Фақат жабрланганнинг ўзига шахсан ёрдам берилса, шахсан ёрдам бера олмаганлар бу менга тааллуқли эмас деб кетаверса, фуқаролик жамияти шаклланмайди. Бу шунчаки оқибатларни бартараф этиш холос.
Давлат Назарлар, Шабнамлар, Абдуллоҳлар Шиловлар... -- булар якка шахс муаммоси эмас, улар ортида катта ва ўзимизга бевосита тааллуқли ижтимоий масалаларни кўрамиз. Хавотирларимизни тарқатишни истаймиз. Шу сабабли қулай ва ноқулай саволларни қўямиз.
Биз савол қўйяпмиз, сиз жавоб беряпсиз. Жавоблар учун раҳмат, албатта, илгари шу ҳам йўқ эди. Аммо савол қўйганимиз учун бизни айбламанг. Чунки савол-жавоб, диалог, муроса орқали ривожланамиз", дея фикрларини якунлайди блогер.
Эслатиб ўтамиз, 6 ноябр куни хоразмлик фаол журналист Давлатназар Рўзметов автоҳалокат сабаб вафот этган эди. Ушбу воқеа ортидан ҳодиса кутилмаган ҳалокат бўлмаслиги мумкин, деган тахминлар ҳам пайдо бўлганди. Ундан бир муддат аввал эса блогер Нафосат Оллошукурова билан боғлиқ вазиятлар бўйича ҳам турли миш-мишлар тарқалган, яъни уни мажбуран ушлаб турилаётгани билдирилган эди.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжоновдан бу иш бўйича журналист ва блогерларни бирор бир масалани оммага кўтариб чиқаётганда, шошқолоқлик қилмасдан, ҳиссиётларга берилмасдан, жиддий суриштирув ва фактларга асосланиб, холис материал беришга чақирган эди.






