Сал аввал хабар қилганимиздек, айни пайтда Олмазор туманининг собиқ ҳоким ўринбосари ва “kun.uz” мухбилари ўртасидаги тортишувга бағишланган анжуман давом этмоқда.
Шунга кўра ОАВ вакилларидан “Собиқ давлат ходими Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ҳимоя қилиняптими?” деб савол берилди.
Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари маълум қилишича, ким бўлишидан қатъий назар, унинг шахсий дахлсизлиги қонун бўйича ҳимояланади. Бировнинг рухсатисиз журналистми, фуқароми, тасвирга олиш мумкин эмас. Айни пайтда терговга қадар суриштирув кетяпти. Ҳеч ким терговга қадар суриштирув жараёнида айбдор деб топилиши мумкин эмас. Айбдор ёки айбсизлиги фақат суд қарорига асосан белгиланади.
Собиқ ҳоким ўринбосарига оид икки хил видео тарқалган бўлиб, бирида у “менга журналист катта пора таклиф қилди” деган бўлса, иикнчисида “мен уни умуман танимайман” дейилган.
Ушбу вазиятга прокурор Сайёд Жумабоев:
— 2019 йил январ ойида “Ғалаба” боғидаги ободонлаштириш ишида журналист Раҳматилла Исроилов собиқ ҳоким ўринбосари Абдурасул Ваҳобовдан 1 гектар ер майдони беришини сўраб, илтимос қилган. Аммо пора ҳақида ҳеч нарса дейилмаган, дея жавоб берди.
Бироқ, мазкур илтимос ҳақида бирор бир исбот келтирилмади.
Савол: 2019 йил 18 апрелда собиқ ҳоким ўринбосари Ваҳобов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонуннинг 43-моддасига кўра жавобгарликка тортилган. Орадан 73 кун ўтиб яна шу ҳуқуқбузарликни содир этган. Бироқ, огоҳлантириш билан кифояланган, холос. Қонунчиликка кўра, жазолар оғирлашиб бориши керак, бу ҳолатда эса енгиллашган. Нега?
Мазкур асосли саволга Тошкент шаҳар прокуратураси масъул ходимлари жавоб беришмади ва фақат суд орқали жавоб берилишини айтишди.
Айни пайтда саволларга асосли жавоб қайтарилмади ва брифинг якунланди. Журналистларда талай саволлар очиқ ва эшитилмай қолиб кетди.
Яқин дақиқаларда собиқ ҳоким ўринбосарининг анжумандан ташқарида журналистлар қуршовидаги айрим саволларга берган жавоблари видео ва аудио ҳолатида тақдим этилади.
Сайтимиздан узоқлашманг!






