АсосийJamiyat

"Халқнинг дарду-ҳасратларига қулоқ солаётган халқпарвар ходимлар соғ-омон бўлсин!"

'"Халқнинг дарду-ҳасратларига қулоқ солаётган  халқпарвар ходимлар соғ-омон бўлсин!"'ning rasmi

Мамлакатимизда кекса авлод вакиллари ва кам таъминланган оилаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида тизимли ва мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар, якка ёлғиз кекса авлод вакиллари ҳамда ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда нафақада бўлган фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш ҳам анъанага айланган.

Зеро, ушбу оилалар ва фуқароларнинг ҳолидан хабар олиш, улар билан ҳамсуҳбат бўлиш, қалбига қулоқ солиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш инсоний бурч ҳисобланади.

– Бугун Тошкент шаҳридан бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари уйимизга келиб ҳолимиздан хабар олганликлари мени жуда хурсанд қилди, – дейди Сирдарё вилояти Ширин шаҳри“Дўстлик” маҳалласида истиқомат қилувчи,болаликдан 1-гуруҳ ногирони Хамдам Султонов.– Ўзим 1968 йилда туғилганман, турмуш ўртоғим Новвотой Султонова ҳам туғма 2-гуруҳ ногирони. Шаҳар ҳокимлиги, ички ишлар органлари ва тиббиёт хизмати ходимлари, маҳалла фаоллари оиламиздан тез-тез хабар олиб туришади, яқинда уйимизни таъмирлаб беришди, бунинг учун Давлатимиз Раҳбарига ўз миннатдорлигимни билдираман. Мен яна бир бор амин бўлдимки, юртимизда биз каби ногиронлиги бўлган фуқаролар давлатимиз эътиборидан четда қолмаган. Сизларга раҳмат, ҳамиша дуо қиламан, халқ орасига кириб уларнинг дарду-ҳасратларига қулоқ солаётган сиз каби халқпарвар ходимлар ҳамиша соғ-омон бўлишсин.

– Мен кўп йиллар маҳалламиздаги боғчада тарбиячи бўлиб ишладим. Раҳматли турмуш ўртоғим билан 9 нафар, 2 нафар ўғил ва 7 нафар қизларимизни оилали, уйли-жойли қилиб, юртимизга хизмат қиладиган комил инсон қилиб вояга етказдик. 55 нафар неварам, 17 нафар чеварам бор, бундан 8 йил олдин 2011 йил аввал турмуш ўртоғим, кейин иккала ўғилларим касаллиги туфайли бу оламдан ўтиб кетишди, кўргулик экан,оллоҳга шукроналар айтиб ўтирибман, 6 нафар қизларим турмуш қуриб кетишган, ўз оилалари бор, – дейди Фарғона вилояти Боғдод тумани “Нурафшон” маҳалласида яшовчи, 90 ёшли Турғуной она Аҳмедова. –Ҳозирги кунда 2-гуруҳ ногирон қизим билан умргузаронлик қилмоқдаман.Халқимиз саховатли, қийналганга қўлидан келганича ёрдам берадиган халқдир. Қийналиб қолганимда қўни-қўшниларим, аввало маҳалла фаоллари, профилактика инспектори, хотин-қизлар масаласи бўйича инспекторлар доимо менинг ҳолимдан хабар олишиб, ёрдам беришади. Сизларга ҳам раҳмат, пойтахтимиздан келиб, менинг хонадонимдан хабар олиш учун вақт ажратганларингиз учун ўз миннатдорлигимни билдираман.Сизларнинг юрт тинчлигини сақлашда амалга ошираётган ишларингизда зафарлар тилаб қоламан.

– Турмуш ўртоғим, марҳум Ваҳоб Қодиров ҳам узоқ йиллар ички ишлар органларида турли лавозимларда хизмат қилган. Бир ўғил ва уч қизни тарбиялаб вояга етказдик. Ўғлим марҳум Абдувоҳид Қодиров ҳам ички ишлар органларида узоқ йиллар турли лавозимларда хизмат қилган, – дейди Тошкент вилояти Пискент тумани Алишер Навоий номли маҳаллада яшовчи, 89 ёшли Гулфия Қодирова. – Аввало, туман ички ишлар органлари ходимларига ва Фахрийлар кенгашига доимо менинг холимдан хабар олиб турганликлари учун миннатдорчилик билдираман. Менга ногиронлик аравача олиб беришди. Вақт ўз таъсирини ўтказмай қўймас экан, мана бугун кексалик гаштини сураяпман,уч қизим навбат билан менга қарашади. Лекин бугунги қувончимни қандай тасвирлаб беришга ҳам ожизман. Эшигимдан ИИВ Малака ошириш институти ходимлари кириб келиб, “Сиздан хабар олгани келдик” деган сўзлари мени янада қувватлантириб юборди. Бундай меҳридарё инсонлар доимо бор бўлсин. Уларни доимо “умрлари узоқ бўлиб юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда Яратганнинг ўзи қўллаб юришларини ҳамда менинг ёшимга етганларида ҳам эл ардоғида бўлишларини сўраб, дуо қиламан”.

– Уйимда 3 нафар қизим билан ўтирганимда бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари кириб келишди. Уларнинг бизнинг холимиздан хабар олиш учун Тошкент шаҳридан келганликларини эшитиб хурсанд бўлдик, –дейди Андижон вилояти Пахтаобод тумани “Овушка” маҳалласида яшовчи, кам таъминланган оила вакили Омадхон Агзамова.– Турмуш ўртоғим эрта вафот этган, ёлғиз ўзим қизларимни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказяпман, уларнинг икки нафари ҳали вояга етмаган. Қийналиб қолганимда маҳалладошларим, яқин қариндошларим, қўни-қўшниларим қарашмоқда, маҳалла раиси ва профилактика инспектори катта қизимга ўз мутахассислиги бўйича иш топиб беришди. Бундан ташқари, уйимизнинг томидан куз-қиш кунлари чакки ўтар эди,улар усталарни чақиртириб уйимизнинг томини, ички ва ташқи деворларини таъмирлаш ишларига бош-қош бўлишди.Қўшни Қирғизистон билан чегарадош бўлган бизнинг маҳалламизга оиламдан хабар олиш келган ички ишлар органлари ходимларига, Ички ишлар вазирлиги ва Малака ошириш институти раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Таълим муассасаси ходимлари, шунингдек Фарғона вилояти Риштон тумани “Дорул-омон” маҳалласида яшовчи, 1-гуруҳ ногирони, 86 ёшли Кимёхон ая Рахимова, Боғдод тумани “Нурафшон” маҳалласида яшовчи, кам таъминланган оила Замира Тожиева, Чирчиқ шаҳар “Ғалаба” маҳалласида истиқомат қилувчи, 1-гуруҳ ногирони Нишон Фозилов, “Бекобод” маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Солижон Убайдуллаев, Андижон вилояти Хўжаобод тумани “Фақирқишлоқ” маҳалласида яшовчи, 1-гуруҳ ногирони, 1954 йилда туғилган Маъруфжон Алимовларнинг ҳам ҳолидан хабар олишди.

Бундан ташқари, Институт профессор-ўқитувчилари ушбу олийжаноб ишларга ички ишлар органлари тизимида фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимнинг ҳисса қўшиши келажакда соҳани халқпарвар тизимга айлантиришда муҳим аҳамият касб этиши жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинларида ҳам тушунтириб бермоқдалар. Зеро, Давлатимиз Раҳбари таъкидланганларидек, қаердаки саховат ва меҳру-мурувват кўп бўлса, ана шу жойда файзу-барака қулоч ёзади.

ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар