Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 23 августдаги “Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари бугунги кунда соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим дастуриламал ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.
Айни кунларда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Андижон ва Сирдарё вилоятларидагитуманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлим (бўлинма)лар бошлиқлари, терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлимлари тезкор вакиллари, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати офицерлар таркиби учунмалака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.
Ўқув йиғинларида Давлатимиз Раҳбари томонидан ички ишлар органлари фаолиятига оид белгилаб берилган долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, халқ манфаатларига хизмат қилиш – ички ишлар органлари фаолиятининг асосий мезони эканлиги, аҳоли билан доимий манзилли мулоқот ўрнатиш, фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш тизимининг зарурати ва аҳамияти тушунтирилмоқда.
– Мамлакатимизда барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари тизимини ҳам такомиллаштириш, халқчил тузилмага айлантириш, “Жиноят ҳақиқати ва адолати”, “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар” деган тамойилларни амалда қарор топтириш соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш билан узвий боғлиқ, – дейди Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси катта инспектори, подполковник Исмат Бетанов.–Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Сирдарё вилоятида ўтказилаётган беш кунлик сайёр ўқув йиғинларида соҳага оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни, ҳудудларда шаклланган ижобий тажрибалар билан яқиндан танишяпмиз. Эндиликдаги асосий вазифамиз олган билимларимизни кундалик фаолиятимизга тадбиқ этиш ҳисобланади.
– Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда “ҳудудлар тажрибаси”, хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги ижобий тажрибаларни тушунтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Андижон вилояти Булоқбоши тумани ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш гуруҳи катта тезкор вакили, майор Авазбек Исмоилов. – Бундан ташқари, террорризм тушунчаси ва моҳияти, унинг экстремизм билан алоқадорлиги ҳамда унга қарши курашиш, миссионерлик ва прозелитизмнинг услуб-воситалари ҳамда минтақавий хусусиятлари, ноисломий диний ташкилотларнинг ноқонуний фаолиятига қарши курашиш каби мавзулар бўйича ҳам машғулотлар ўтказилмоқда.
Ўқув йиғинига жалб қилинган ходимларга жойдаги ички ишлар органларида хизматни тўғри ташкил қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан тегишли тавсиялар берилмоқда.
Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати






