АсосийJamiyat

Ногиронлиги бўлганларга мусиқа ва санъат мактабларида ўқиш учун имтиёз борми?

'Ногиронлиги бўлганларга мусиқа  ва  санъат  мактабларида ўқиш учун имтиёз борми?'ning rasmi

— II гуруҳ ногирониман. 3 нафар фарзандим бор, улардан 2 нафари санъатга қизиқади. Бироқ уларнинг орзуларини амалга оширолмайман, тўловлари бор. Ногиронлиги бўлганларга бирор имтиёз ёки чегирмалар борми?

Лутфия Жамилова, Китоб тумани

 

Озодбек НАЗАРБЕКОВ, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари:

— Маданият вазирлиги тасарруфидаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқиш тўлов асосида амалга оширилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2001  йил  31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2002 йилги асосий мак­ роиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги 490­сонли қарорига асосан белгиланган. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг 2008 йил 31 декабрдаги 46, 121­сонли қарори билан “Ота­оналар томонидан болаларнинг болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқиши учун ҳақ тўлаш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Мазкур Низомнинг 4­ бандида “Ўқиш учун тўловлардан озод қилиш тартиби”да болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқувчилар умумий сонининг 25 фоизи доирасида болаларнинг қуйидаги тоифалари тўловдан озод этилиши белгиланган:

мусиқа ва санъат йўналишлари бўйича халқаро (1-3-ўринлар) ва республика (1-ўрин) танловларида ғолиб бўлган болалар — бир календарь йил мобайнида (ғолиб деб эълон қилингандан кейинги ойдан бошлаб 12 ой мобайнида). Ғолиб бўлган болаларни бир календарь йил мобайнида ўқитиш учун тўловдан озод этишга, уларнинг танловда ғолиб бўлганини тасдиқловчи диплом асос бўлади.

Шу билан бирга,

► кам таъминланган оила фарзандлари, тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

► бир оиланинг икки ва ундан ортиқ фарзанди болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқиса, улардан ҳар бирининг ўқиши учун белгиланган тўловнинг 70 фоизи миқдорида тўлов амалга оширилади.

Мазкур низомда ногиронлиги бўлган болаларни тўловдан озод этиш назарда тутилмаган. Бу борада бўлаётган мурожаатлар инобатга олиниб, Низом қайта ишлаб чиқилмоқда. Унда ногирон болаларнинг мусиқа ва санъат мактабларида ўқиши учун тўловлардан озод этилиши назарда тутилмоқда.

 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар