Бугун соат 18.00 да Алишер Навоий номидаги кино саройда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Ўзархив” агентлиги ҳамда Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари Миллий архиви ҳамкорлигида Ўзбекистонда давлат архивлари тизими ташкил топганлигининг 100 йиллигига бағишланган “Кино – ўчмас хотира” номли кинофестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтади, деб хабар берди "Ўзбеккино" миллий агентлиги ахборот хизмати.
Мазкур кинофестиваль 3 ноябрга қадар давом этади. Анжуман Ўзбекистон миллий архив фондидаги ноёб кино ва фотоҳужжатлар орқали ватанимиз ҳамда кино тарихини кенг оммага таништиришни ўз олдига мақсад қилган. Кинофестиваль давомида Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивида сақланаётган ноёб киноҳужжатлар намойиш этилади.
Улар орасида Ҳамидулла Акбаров муаллифлигида суратга олинган “Худойберган Девонов” (1970 й), режиссёр Али Ҳамроевнинг “Тошкент жасорати” (1975 й) ва 1959 йил ишланган “Қўшиқлар учади” каби ноёб хужжатли фильмлар бор.
Барча кино ихлосмандларини кинофестивалга таклиф этамиз!






