Энергия ресурслари, ичимлик суви, маиший чиқинди бўйича Юнусобод туман Шаҳристон МФЙ аҳолисидан қарздорликларни ундириш, қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаш, тўловларнинг ўз вақтида тўланишини назорат қилиш Мажбурий ижро бюроси Юнусобод туман бўлими давлат инспектори С.Ғаниевнинг зиммасида.
Шу маҳаллада 700-750 абонент (оила, фуқаро) истиқомат қилади. Хонадонма-хонадон юриб, кимнинг қандай шароитда яшашини кўради. Ҳақиқатан ночор инсонлар борлигига шу сабаб ҳам йиллар давомида газ, электр, энергиясига пул тўлолмай келаётганлигига амин бўлиб шундай сўзлаб берди: Шўроб кўчасида яшовчи эҳтиёжманд Б.Абдуллахужаева электр энергиясидан бўлган 1 млн. 78 минг сўмлик қарзи ҳам ҳомийлар кўмаги билан қоплаб берилди
Яна бир мисол, Шаҳристон кўчасидаги уйларнинг бирида яшаётган онахон 2 гуруҳ ногирони, боқувчиси йўқ. У 1 млн. 600 минг сўм газдан бўлган қарздорликни қандай тўлайди? Ўзига тўқ хонадон соҳибига бу ҳақда айтилганда онахоннинг қарзларини тўлаб берди.
Конибодом кўчасида истиқомат қилувчи яна бир онахоннинг эса кўзлари ожиз, ногирон ўғли ва касалманд набираси билан бирга яшайди. Уларнинг ҳам газдан 1 млн. 630 минг сўм қарздорлиги бор эди. Саховатпеша бир тадбиркорга вазиятни тушунтирилди. Эртаси куни шу тадбиркор бутун қарздорликни қоплайдиган маблағ қолдирди. Буни кўрган онахон чин юракдан узоқ дуо қилди. Маҳалладаги саҳоватпеша ҳомийларнинг кўмаги билан яна бир 2-гуруҳ ногирони бўлмиш фуқаронинг газдан 400 минг сўмлик, яна бир кам таъминланган оиланинг 1 млн. 500 минг сўмлик тўловлари тўлаб берилди.
Шундай оилалар борки, уларнинг йиғилиб қолган қарзларини қўни-қўшниси ҳам тўлашга кўмаклашмайди. Айримлар “Ҳомийлар топаверсангиз одамлар боқиманда бўлиб қолади” дейишади. Аммо ҳақиқатан ночор инсонни кўрганда на ўзи бировга ёрдам берадиган, на бошқани яхшилик қилишга қўядиган одамларнинг фалсафаси аҳамиятсиз эканлигини англайсиз.
Ҳомийларнинг ҳаммасини ҳам бадавлат деб ўйламанг. Ҳомий деб атаётганларимиз орасида сиз-у биздек оддий одамлар ҳам бор.
Гап шундаки, улар бировнинг дарди, оғир шароитига бефарқ эмас. Кўзи ожиз ёки тўшакка михланиб қолган якка ёлғизлар бор. Ҳозир эса газ, светдан бўйнигача қарзга ботиб, энди уйда сувсиз, чироқсиз ўтирганлар ҳақида эшитганда улар “Мен ҳам ёрдам берай” дейишади.
Шу ўринда мулоҳазага чорлайдиган савол туғилади. Кам таъминланган оилаларнинг қарздорликларини ҳомийлар ёрдамида қоплатиш аслида МИБ давлат инспектори учун мажбурий эмас. Бироқ шундай давлат инспекторлари борки, улар ўз ишини севади, одамларнинг мушкулини осон қилиш, чигал вазиятга оқилона ечим топишда бошқаларга ўрнак бўлишади. Аслида қонун ҳамма учун баробар Энергия ресусрларидан фойдаландингизми ҳақини тўлашингиз керак. Кам таъминланган оилаларга Бюро томонидан имтиёзлар назарда тутилмаган.
Бироқ, МИБ кам таъминланганларнинг хонадонини тармоқдан узишдан кўра, маҳалла фаоллари ва саховатпеша ҳомийларга вазиятни тушунтириб, ҳомийлар ёрдамида коммунал қарздорликларни тўлашга кўмаклашиш тадбирларини ташкил қилмоқда.






