2019 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 361,85 триллион сўмни ташкил қилган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботида маълум қилинган.
Ҳисоботга кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ 10,8 миллион сўмни ташкил қилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,7 фоизга ўсган.
2018 йилнинг мос даври билан солиштирганда ЯИМ таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг улуши 31,3 фоиздан 28 фоизга ҳамда хизматлар соҳаси улуши 36,8 фоиздан 35,9 фоизга камайган. Саноатнинг улуши 25,4 фоиздан 29,2 фоизга, қурилиш эса 6,5 фоиздан 6,9 фоизга ўсган.
Ҳисоботда қайд этилишича, иқтисодиётнинг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми ЯИМ умумий ҳажмининг 90,9 фоизини ташкил этган ва ўтган йилга нисбатан 5,7 фоизга ўсган.






