Ижтимоий тармоқларда Халқ демократик партияси томонидан, хусусан, партиянинг Поп тумани Кенгашидаги гуруҳи раҳбари эълон қилган “ХДП: “Ўзимизни ҳам, болаларни ҳам алдамайлик” сарлавҳали мақола Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан эътиборга олинди.
Рўйи рост айтадиган бўлсак, соҳамиз муаммо ва камчиликлардан, ҳал этилиши ғоят муҳим ва зарур бўлган масалалардан ҳоли эмас. Аммо шунга қарамасдан бор имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ўқувчиларга замон талаблари даражасида мукаммал билим бериш, таълим сифати ва самарадорликни оширишга астойдил ҳаракат қилинмоқда.
Ёш авлод ҳаёти ва камоли, уларни ақлан етук, маънан юксак, жисмонан баркамол улғайтириш, улардаги иқтидор ва қобилиятларни аниқлаш ва юзага чиқаришга қаратилган Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси ҳам ёшлар ҳаёти ва камоли борасида ижобийлик сари муҳим қадамлардан бири бўлди.
Беш ташаббус асосида вилоятнинг барча ҳудудларида, хусусан, Поп туманида ҳам мунтазам равишда амалий ишлар, саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Беш муҳим ташаббус ижросига қаратилган одимлар натижасида тўгараклар фаолияти жонлантирилиб, улар сони ва салмоғи, қамрови ҳам ортди.
ХДП томонидан ижтимоий тармоқлар орқали ёритилган чиқишга эътибор қаратадиган бўлсак, унда ўринли ва асосли муаммолар, ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ўз аксини топган.
Ҳозирда туманда жами 71 та умумтаълим мактаби, 2 та давлат ихтисослаштирилган мактаб интернати мавжуд бўлиб, жами 73 та таълим муассасасининг 49 тасида спорт заллари мавжуд. Уларда жисмоний тарбия дарсларини намунали ва мукаммал ташкил этиш баробарида ўқувчиларни спортга кенг жалб қилиш, жисмонан баркамол улғайтириш мақсадида ҳар бирида спорт тўгараклари ва машғулотлари мунтазам ва изчил йўлга қўйилган.
Ўз навбатида, 24 та умумтаълим мактабида, яъни тумандаги умумтаълим муассасаларининг 32,8 фоизида спорт заллари мавжуд эмас. ХДП орқали қайд этилган 40- ҳамда 57-сонли умумтаълим мактаблари ҳам шулар жумласидан.
Таълим соҳасидаги ислоҳотлар жараёнида тизимдаги муаммоларни ҳал этиш, келажагимиз эгалари учун муносиб ва қулай шарт-шароитлар яратиб беришга юксак даражада эътибор қаратилмоқда. Давлат инвестиция дастурлари, “Обод қишлоқ”, “Обод марказ” сингари дастурлар асосида амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари шундан далолат беради. Табиийки, умумтаълим муассасаларини бугунги тараққиёт асри талаблари даражасига келтириш, уларда етарли даражада фан ва лабаратория хоналари, шу жумладан, замонавий спорт зали бўлишига эришиш давлат бюджетиданажратиладиган маблағлар билан боғлиқ.
Хусусан, юқоридаги ҳар икки мактабни ҳам давлат дастурига киртишга таклифлар берилган. Давлат дастурига спорт залларини қуриш учун2017 йилдан буён буюртмалар олинмаган.
Келажак камоли йўлида давлатимиз томонидан бор имкониятлар ишга солинмоқда. Хусусан, тумандаги 40-сонли умумтаълим мактаби жорий 2019 йилда “Обод марказ” дастури бўйича 2 млрд. сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирдан чиқарилди. Мактаб 420 ўринли бўлиб ҳозирда 567 нафар ўқувчилар таълим тарбия олмоқдалар.
Тумандаги 57-сонли умумтаълим мактаби 2018 йил Давлат инвестиция дастури бўйича 950 млн. сўм маблағ ҳисобига мукаммал таъмирдан чиқарилган. Мактаб 360 ўринли бўлиб ҳозирда 462 нафар ўқувчилар таълим- тарбия олмоқдалар. 57-сонли умумтаълим мактабидаги лаборатория жиҳозлари Наманган вилояти Таълим таъминот давлат унитар корхонаси томонидан етказиб берилиши кўзда тутилган.
57-сонли умумтаълим мактабида хозирги кунда 2 та компьютер синфи мавжуд бўлиб, биринчи компьютер синфига ҳақиқатдан ҳам 2004 йилда 10 дона берилган, 2019 йилда ушбу мактабнинг компьютер синфи энг янги, замонавий13 дона компьютер техникаси, кондиционер ва интерфаол доска билан жиҳозланди.
Тумандаги 4-сонли умумтаълим мактаби 2005 йил инвестиция дастури асосида жорий таъмирланган бўлиб, 1180 ўринли. Мактабнинг бир қаватли биноси Вилоят ГАСНМ бошқармасининг хулосасига асосан яроқсиз деб топилган. 2 қаватли биносини иситиш тизими 2019 йил 45 млн. сўм маблағ эвазига таъмирдан чиқарилган
Вилоят халқ таълими бошқармаси келажагимиз эгалари камолига, фарзандларимизни ҳар жиҳатдан эртанги кунга муносиб улғайтиришга масъул ҳамда барча саъй-ҳаракатлар ушбу эзгу мақсадга қаратилмоқда.
Шундай экан, ижтимоий тармоқларда ёритилгани каби долзарб масалалар, муаммолар вилоят халқ таълими бошқармасининг доимий эътиборида бўлади. Уларни ҳал этиш юзасидан Халқ таълими вазирлиги ва маҳаллий ҳокимликлар орқали тегишли чора-тадбирлар кўриб борилишини маълум қиламиз.






