АсосийJamiyat

Японияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилмоқда

'Японияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилмоқда'ning rasmi

 

Япониянинг Осака шаҳрида “Tourism EXPO Japan 2019” кўргазмасига старт берилди. Япония саёҳат ва туризм агентлиги (JTTA), Япония сайёҳлик агентликлари уюшмаси (JATA) ва Япониянинг миллий туризм ташкилоти (JNTO) ҳамкорлигида уюштирилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Республикамизнинг Япониядаги ваколатхонаси ҳамкорлигида юртимизнинг миллий стенди намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон стендида вакилларимиз “Tourism EXPO Japan 2019” меҳмонларига мамлакатимиз ҳудудларининг сайёҳлик салоҳияти ва республикада туризмнинг ривожланаётган турлари ҳақида батафсил маълумот беришмоқда. Бундан ташқари, кўргазма меҳмонлари тарқатма материаллар, жумладан журналлар, буклетлар, қўлланмалар ва мамлакатнинг сайёҳлик харитаси орқали Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари билан таништирилмоқда. 

Ўзбекистон миллий стендида 8 сайёҳлик компанияси, жумладан “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МAК учун алоҳида ўрин ажратилган. Бундан ташқари, кўргазмада мамлакатимизнинг вино туризми салоҳиятини кўрсатиб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Aлкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси билан ҳамкорликда алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи "Ўзбекистон шампани" AЖ, “Фаровон" МЧЖ ва Қибрай "Шароб" илмий-експериментал корхоналари биринчи марта иштирок этмоқда. 

Ўзбекистоннинг миллий стендида сайёҳлик қўлланмалари, видеоматериаллар, буклетлар, амалий санъат буюмлари ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз ва Термизнинг диққатга сазовор жойлари тўғрисидаги видеороликлар намойиш этилмоқда. Маълумот учун: “Tourism EXPO Japan 2019” йилнинг туризм соҳасидаги енг йирик тадбирларидан бири бўлиб, унда дунёнинг 130 мамлакатидан 200 мингдан ортиқ туристик бизнес вакиллари ва ҳаваскорлар қатнашмоқда. 

Тадбир дунёнинг кўплаб сайёҳлик ташкилотларини ўз ичига қамраб олади ҳамда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш омилларини ўрганиш, тажрибалар алмашиниш майдонига айланади. Халқаро кўргазма анъанавий тадбирлар ва бизнес учрашувларидан ташқари, хусусий бизнесни ривожлантириш, туризм соҳаси учун янги ишбилармонлик имкониятлари эшигини очишга ёрдам беради. “Tourism EXPO Japan 2019” туризм ва саёҳат кўргазмаси минтақавий иқтисодиётда туризмнинг ўрнини ошириш, иш ўринларини яратиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ижтимоий фаровонликни таъминлаш борасида дунёнинг йирик тадбирларидан бири ҳисобланади.  Таъкидлаш жоизки, “Tourism EXPO Japan 2019” 27 октябрга қадар давом этади. 

Кўргазма доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Aъзамов билан Япония Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги раҳбари Хироши Табата ўртасида учрашув бўлиб ўтди. “Ўзбекистонга келаётган япониялик сайёҳлар сони сўнгги йилларда ошиб бормоқда, қолаверса, 2018 йил феврал ойидан бошлаб юртингизга визасиз режим жорий этилганлиги сабабли мамлакатимизда сизнинг тарихий шаҳарларингизга саёҳат қилишга қизиқувчилар сони ошиб бормоқда. Бунда икки мамлакат ўртасида туризм соҳаси бўйича ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишига эҳтиёж туғилади” – деди Хироши Табата.

    Бошқа янгиликлар