— Колхозда 41 йил меҳнат қилдим. 35 йил раҳбарлик лавозимларида ишладим. Совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демай ходимлар билан баробар ишладим. 214 минг пенсия олардим, 64 мингини айириб, 150 мингга тушириб қўйишди. Камига 1 млн. 860 минг қарз ҳам ҳисоблаб беришди. “Кадрлар билан ишлаш бўлими ходими даромадларингни ошириб ёзган”, дейишди. Ваҳоланки, у ходимнинг хатоси 1992-1993 йилларни тенг 12 ойга бўлиб ҳисоблаган экан. 41 йил меҳнат қилган олий маълумотли мутахассис ходимларидан ҳам кам пенсия олиши адолатданми?
Чўли Пардаев, Самарқанд вилояти Иштихон тумани
Фаррух СУЛАЙМОНОВ, Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати бўлим бошлиғи ўринбосари:
Фуқаро Ч.Пардаевга 2003 йилда 40 йил 9 ой иш стажи ҳисобидан муддатидан олдин ёшга доир пенсия тайинланган. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Иштихон туман бўлимида фуқароларга тайинланган пенсия (нафақа)лар текширилган. Фуқарога тайинланган пенсиянинг тўғрилиги текширилганда, 1992-1993 йиллар иш ҳақи компьютер базасига нотўғри киритилгани аниқланган. Пенсия миқдори иш ҳақи маълумотномаларига асосан қайта ҳисоблаб чиқилганда, ўтган давр учун ортиқча маблағ сарфлангани аниқланган. Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 65-моддаси “б” бандида техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда пенсиядан чегирма қилиниши назарда тутилган бўлиб, аниқланган ортиқча тўлов ўрнатилган тартибда чегириб қолинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5245-сон Фармонига асосан 2017 йил 1 декабрдан пенсиянгиз миқдори 580 547,09 сўмни ташкил этади.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА






