АсосийJamiyat

“Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак...”

'“Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак...”'ning rasmi

Айни кунларда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Навоийвилоятидаги шаҳар ва туманлар ички ишлар органларининг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлинмалари бошлиқлари (катта тезкор вакиллари), миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш хизматлари ходимлари учун сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

– Ўқув йиғинларида Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги қонун ҳужжатларининг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Навоий вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси катта инспектори, капитан Дилдора Тўраева. – Президентимиз томонидан илгари сурилган “Ўз Ватанини, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бу – жасорат ва мардлик, бу – она юртга муҳаббат ва садоқат, бу – тўғри тарбия ва амалий намуна” эканлиги мисоллар орқали тушунтириб берилмоқда.

Шунингдек, ўқув йиғинлари доирасида Институт профессор-ўқитувчилари томонидан таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳам уюштириб келинмоқда. 

Хусусан, Кармана туманида жойлашган 15-сонли ҳамда Нурота туманида жойлашган 55-сонли умумтаълим мактаблари ўқувчилари билан “Тинчлик ва осойишталикни сақлашда ёшлар масъулияти” мавзусида ўтказилган тадбирда бугунги кунда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, Ватанимиз мустақиллиги учун курашган аждодларимиз фаолиятини ёшларга тушунтириш ва ўрнак қилиб кўрсатиш, уларда “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” туйғусини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ҳақида сўз юритилди. 

– Ушбу тадбир биз ёшларда ватанпарварлик, фидоийлик ва юртга садоқат туйғусини яна бир бор англаб олишга катта туртки бўлди, – дейди Нурота туманидаги 55-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Аслан Рахматов. – Айниқса, ўтказилган мазкур тадбир доирасида ташкил этилган “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” мавзусидаги викторина мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотди. 

Викторинада фаол иштирок этган ва саволларга тўғри жавоб берган ўқувчилар бадиий китоблар билан тақдирландилар.

Шу билан бирга, Институт профессор-ўқитувчилари томонидан кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар, якка ёлғиз кекса авлод вакиллари ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишлар амалга оширилмоқда. 

Жумладан, Карманатумани “Талқоқ” маҳалласида яшовчи, 
1940 йилда туғилган, 1-гуруҳ ногирони Жўра Ғофуров ҳамда Нурота тумани “Бўдоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи, 2014 йилда юрак-қон томир касаллигига чалинган ва ҳаракатланиши чекланиб қолган, 
1945 йилда туғилган Латифа Кўлиеваларнинг ҳолидан хабар олинди.

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар