2019 йилда республика бўйича 3 млн. 300 га яқин истеъмолчиларга жами 468 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Жорий йил январь-июнь ойларида 232 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши керак эди, амалда 227 185,2 тонна (97,9%), ёки режага нисбатан 4 950,8 тонна кам суюлтирилган газ етказиб берилган. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда “Ўзтрансгаз” АЖ мутасаддилари маълум қилди.
Муратулла Башманов, “Ўзтрансгаз” АЖ раиси ўринбосари:
—2014 йилдан шу кунгача 3,5 млн.га яқин хонадонга биттадан газ баллони тарқатилди. Ўша йилдан бошлаб аҳолини суюлтирилган газга ўтказиш ҳаракати бошланган эди. Нега шундай қилинди? Республикамизда йилдан йилга аҳоли сони кўпайиб боряпти, бевосита газга бўлган талаб ҳам ортяпти. Лекин табиий газни етказиб берувчи газ тармоқлари эски, орасида 50 йил аввалгилари ҳам бор. Янги тармоқлар деярли қурилгани йўқ. Демак, бизда бор газ тармоқларининг қуввати етмаслиги, қишлоқлар кенгайиб, ишлаб чиқаришлар кўпайгани, аммо газ қувурларимиз ўша-ўшалигича қолгани суюлтирилган газ тизимини жорий этишга мажбур қилди. Ҳукуматимиз томонидан табиий газ етказиб беришнинг имкони бўлмаган ҳудудларга ўринга-ўрин тарзида суюлтирилан газ билан таъминлашга қарор қилинди.
Сўнгги 4 йилда ҳар бири 3,5 млрд. сўмдан бўлган 46 та газ сақлаш пунктлари қурилди. Газ баллон ташийдиган 682 та “Исузу” машиналари олинди. Умуман, техника янгиланди.
2-3 йил аввал газ баллони ва суюлтирилган газ масаласи катта муаммо эди. Ҳозир жойларга чиқиб ўрганилганда, газ баллонга бўлган талаб деярли камайгани аниқланди.
Республикамизнинг неча фоиз аҳолиси табиий газдан фойдаланади?
— Бугун республикамизнинг 56 фоиз аҳолиси табиий газдан, 44 фоизи суюлтирилган газдан фойдаланади. Ҳозирги кунда республика бўйича 3 млн. 200 хонадон табиий газ билан таъминланган, - дейди жамият раиси ўринбосари Муратулла Башманов. — Аҳолига ва юридик истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришда муаммолар ҳамон мавжуд. Булар янги уйлар қурилиши, аҳоли сони кўпайиши билан бевосита боғлиқ. Табиий газга бўлган эҳтиёж ортиб боряпти. Шунинг ҳисобига газ билан таъминлашда ҳам муаммолар юзага келяпти. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Ўзтрансгаз” АЖ ўзи газ қазиб чиқармайди, жамият унга ажратилган газни вилоятлар кесимида тақсимлайди ва тарқатади.
Муниса Алиева тайёрлади






