Бугун, 14 май куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши аппарати ва Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши котибияти ўртасида илк икки томонлама маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Музокаралар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Қирғизистон Респубикаси Хавфсизлик Кенгаши котиби Дамир Сагинбаев раислигида ўтди.
Мулоқот чоғида қайд этилганидек, олий даражадаги ташрифлар, Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома, шунингдек, Стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши натижасида мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишонч, кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлик янада кенгайиб бормоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарларининг қатъий иродаси туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари амалий мазмун билан бойиб, стратегик шерикликка асосланган муносабатларни юқори даражага кўтаришга эришилди.
Учрашувда Ўзбекистон – Қирғизистон маслаҳатлашуви механизми икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик, яхши қўшничиликни босқичма-босқич, изчил ривожлантиришдек умумий мақсадга хизмат қилиши, халқларимизнинг тинч-осойишта ҳаёт кечириши, улар фаровонлигини таъминлашга қаратилгани таъкидланди.
Бу каби маслаҳатлашувларнинг ўтказилиши Марказий Осиё минтақаси давлатлари хавфсизлиги, барқарорлиги ва жадал ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Томонлар конструктив руҳдаги муносабатларни қўллаб-қувватлашга, хавфсизлик соҳасидаги Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигини, жумладан, шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва амалий ҳаракатларнинг икки томонлама аниқ механизмларини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни янада кенгайтиришдаги интилишлари қатъий эканини билдирди.
Маслаҳатлашувлар якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши аппарати ва Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши котибияти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўзда тутувчи протокол имзоланди.






