Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилоят бўлинмаси ҳарбий хизматчилари учун барча шароитларга эга кўп қаватли замонавий турар-жой биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.
– Кўп йиллардан буён шаҳарда ўз уйимиз бўлишини орзу қилар эдик, – дейди шартнома асосидаги оддий аскар Зафар Чоршанбиев. – Бугун уч хонали кенг, шинам уйга эга бўлдик. Бундан турмуш ўртоғим Нигина ва қизимиз Шукронанинг ҳам қувончи чексиз. Хонадонда барча қулайлик яратилган. Ошхона ва бошқа қўшимча хоналар замонавий усулда жиҳозланган. Уйнинг узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида берилгани бизга жуда катта қулайлик яратади. Бундай эътибор хизмат бурчимизни оиламиздан кўнгил тўқ бўлиб, янада сифатли бажаришимизда муҳим омил бўлади.
16 йилдан буён шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскар Толибжон Раҳманов турмуш ўртоғи Нодирахон билан икки қизни тарбиялаб, камолга етказмоқда. Улар ҳам бугун янги хонадон соҳибларидир.
– Ҳарбий хизматчининг оиласи бўлганимиздан ҳамиша фахрланамиз, –дейди Нодира Раҳмонова. –Бундай шинам хонадонда фарзандлар билан тинч, хотиржам, тўкин яшашнинг ўзи ҳам катта бахт. Бу ерда биз учун барча шароит бор. Меҳмонхона ва ётоқхоналар ҳам, ошхона ва бошқа қўшимча хоналар ҳам юксак дид билан барпо этилган. Болалар хонасининг кенг ва ёруғлигидан фарзандларимиз Дилором билан Дурдонанинг суюнганини айтмайсизми? Биз, ҳарбийлар оилаларига кўрсатилаётган бундай эътибор учун юртбошимиздан беҳад миннатдормиз.








