АсосийJamiyat

​"Вақф" фонди шу кунга қадар икки миллиард сўмга яқин закот пулларини тарқатди

'​"Вақф" фонди шу кунга қадар икки миллиард сўмга яқин закот пулларини тарқатди'ning rasmi

"Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан Республика бўйлаб кўплаб ҳудудларда йирик хайрия тадбирлари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида ногиронлиги бўлган, моддий жиҳатдан қийинчиликларга дуч келган инсонларга кўмак кўрсатилмоқда. Бу эса Фондимизга ишониб ўзларининг хайрия ва закот маблағларини ўтказаётган саховатпеша инсонларнинг кўмагида амалга оширилмоқда.

Фондга 2018 йил июнь ойидан 2019 йил 1 май санасига қадар жами 2 миллиард 154 миллион сўм закот маблағлари келиб тушган бўлиб, шу кунга қадар ушбу маблағларнинг 1,8 миллиард сўми 1202 нафар муҳтож инсонларга тарқатилган. Тарқатилган маблағларни ҳисобга олганда ҳар бир кўмакка муҳтож инсонга ўртача 1,5 миллион сўмдан закот маблағи тарқатилган.

Бунда имкон қадар мурожаатномалар холис шахслар ёрдамида ўрганилиб, қанчалик муҳтожлигидан келиб чиқиб маблағлар ажратилди. Айрим мурожаатчилар шариатда белгиланган талабларга жавоб бермагани учун закот маблағларини бериш рад қилинди.

Юқоридаги ҳисоб-китоблардан кўриниб турибдики, саховатпеша инсонлар томонидан Фонд закот ҳисоб рақамига ўтказилган закот пуллари ўз ҳақдорларига топширилмоқда.

"Вақф" хайрия жамоат фонди юртимиз мўмин-мусулмонларини муқаддас Рамазон ойида эҳсонларни кўпроқ қилишга ва улкан ажрларга эга бўлишга чақиради. Закот беришни мақсад қилган бўлсангиз ва ҳақдор инсонларни топа олмаётган бўлсангиз, "Вақф" фонди сизга Аллоҳ йўлида кўмак кўрсатади.

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар