Корея Республикасининг аграр соҳадаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва уларнинг тажрибасини Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида жорий этиш мақсадида Тошкент давлат аграр университети ректори Б.Сулаймонов бир қатор учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тошкент давлат аграр университети Конкук университети билан 2015 йилда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Ҳамкорлик доирасида ҳозирда Тошкент давлат аграр университети ва филиалларнинг 5 нафар талабаси Конкук университетининг “Чорвачилик”халқаро магистратура дастури бўйича таҳсил олган. Сўнгги 3 йилда Тошкент давлат аграр университети ва филиалларининг 4 нафар ўқитувчилари университетида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик, зоотехния йўналишлари бўйича малака ошириб қайтди.
Айни вақтда эса делегация университет президенти Мин Санги билан учрашди ва икки томонлама илмий-академик фаолиятни кенгайтириш борасида”Йўл харита”си имзоланди.Унга кўра, университет битирувчиларини иш билан таъминлаш тизими ишлаб чиқилади. Шунингдек, KOICA дастури доирасида Тошкент давлат аграр университетида “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сифатини аниқлаш” замонавий лабораторияси барпо этиш бўйича келишиб олинди.

Ташриф давомида бир қатор келишувларга эришилди. “Ўсимликшунослик”, “Ўсимликлар биотехнологияси” бакалавр йўналишлари бўйича Тошкент давлат аграр университетида қўшма таълим дастурларини жорий этиш, халқаро аккредитациядан ўтказиш ва икки томонлама диплом беришни ташкил қилиш, KOICA ва KOPIA халқаро ташкилотлари дастурлари доирасида Тошкент давлат аграр университетида “Ерларни шўрланиши ва унинг унумдорлигини аниқлаш” лойиҳаси асосида замонавий лаборатория барпо этиш шулар сирасидандир.






