Кеча, 8 май куни пойтахтимиздаги «Ватанга қасамёд» ҳайкали олдида Қуролли Кучлар давлат музейи ҳамда «Veteran» жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси билан ҳамкорликда «Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият» шиори остида Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган ватанпарварлик акцияси ташкиллаштирилди.

Унда мустақил Ўзбекистон армиясининг афсонаси – биринчи мудофаа вазири, нафақадаги генерал-полковник Рустам Аҳмедов, Қуролли Кучлар академияси, Ҳарбий алоқа институти курсантлари ҳамда Тиббий академия ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети курсантлари, нафақадаги ҳарбийлар, Ёшлар иттифоқи вакиллари, Мирзо Улуғбек туманидаги мактабгача таълим муассасаси, «Незабудки» болалар рақс жамоаси ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари уруш йилларидаги ўз хотираларини ёшларга сўзлаб берди. Шунингдек, Афғон уруши қатнашчилари ҳамда мустақиллик йилларида мардларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг хотираси ёдга олинди. Ёшларни Ватанни севиш, унинг тинчлиги ва осойишталигини асраш, унга лойиқ инсон бўлиб етишишга чақирилди.
Тадбир сўнггида фахрийларга эсдалик совғалари улашилди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати






