АсосийJamiyat

Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тасдиқланди

'Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тасдиқланди'ning rasmi

Давлат хизматларини кўрсатилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади. Ҳукумат қарори билан Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (381-сон, 07.05.2019 й.) Бу ҳақида “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.

Низомга мувофиқ, лицензия олиш учун Давлат хизматлари марказларига лицензия олувчининг ўзи келиб мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтилади.

Сўровнома тўлдирилади ҳамда унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

• соҳа бўйича маълумотга эга бўлган муҳандислар ва лойиҳа архитекторлари, бош ҳамда етакчи мутахассислар дипломлари;

• корхонага ишга қабул қилинганлик тўғрисидаги буйруқлар нусхалари;

• зарур бино-иншоот ҳамда асбоб-ускуналар ва инвентарнинг талабгорга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари.

Давлат хизматларини кўрсатилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Сўровнома тўлдирилганидан сўнг Давлат хизматлари марказлари бир соатда уни Қурилиш вазирлигига юборади.

Қурилиш вазирлиги сўровнома тушганидан бошлаб 7 иш кунида лицензия бериш учун ҳисобварақ-фактурани лицензия беришнинг давлат божини кўрсатган ҳолда Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали талабгорга юборади.

Талабгор бир ойда давлат божини тўлаши лозим.

Қурилиш вазирлиги давлат божи тўланганидан сўнг бир иш кунида лицензияни электрон шаклда расмийлаштиради ва Давлат хизматлари марказларига ёки ЯИДХП орқали талабгорга юборади.

Давлат хизматлари маркази лицензия тушганидан сўнг 10 минутда уни талабгорга юборади.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

    Бошқа янгиликлар