Пойтахтимизда Ўзбекистон Фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви томонидан 9 Май - Хотира ва Қадрлаш кунига бағишлаб “Хотира муқаддас – инсон қадри азиз!” маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир ҳомийлари: “NIKA PHARM” фармацевтик корхонаси, “OXYmed” дорихоналар тармоғи, “ZAMONA RANO” фармацевтик компанияси, “Даракчи” газетаси ҳамда “Севимли” телеканали.
Табдирда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларида истиқомат қилаётган 20 дан зиёд уруш фахрийлари ва уларнинг оила аъзоларига байрам дастурхони ёзилди, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.


Хайринисо МИРЗАЖОНОВА, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси ўринбосари:
— Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, жамғармамизнинг туман, вилоят кенгашлари барча шаҳар, қишлоқвамаҳаллаларда урушқатнашчиларининг кўнглини олишга киришган, десам муболаға бўлмайди. Бу ишларда бизнинг ҳам ҳиссамиз борлигидан фахрланамиз. Фахрийларимизга жойларда пулмукофотлари, ҳомийларнинг совға-саломлари тантанали равишда топширилмоқда. Бундан ташқари, уларнинг уй-жойлари таъмирланмоқда, тантаналарга келишлари, меҳмонхонада яшашлари, кийим-кечаклар билан таъминланмоқда. Буларнинг бари бепул, жамғарма ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда урушда иштирок этган фахрийларимизнинг кўплари орамизда йўқ. Борлари эса мустақиллик неъматларидан баҳра олиб, шукроналик ҳисси билан яшамоқдалар. Улардан бири Қирғизбой ота Камолов. 1924 йилда туғилган Қирғизбой ота Воронеж, Курск, Орловский шаҳарларини озод қилишдаги жангларда иштирок этган.
“Улуғ ватан уруши ҳақида кўп гапириш мумкин. Миллионлаб одамлар қурбон бўлганини, вайроналарни узоқ сўзласам умрим етмайди. Бундан кейин уруш бўлмасин, уруш бўлмаслиги учун ҳаракат қилишимиз керак, бугунги тинчлигимиз учун эса беҳисоб шукроналар қилишимиз керак”, - дейди Қирғизбой ота.
— Уруш йилларида Саратовда тиббиёт курсларида таълим олардим, — дея эслади биз билан суҳбатда Антонина Каломинцева. — Шу пайтда Белоруссиядан Саратовга жангда жароҳат олганларни келтиришди. Мен ҳамширага ёрдамчиси эдим. Варшава, Чехословакия ва бошқа шаҳарларни озод этишда қатнашдим. Ҳозирда Ватаним, набираларим ардоғидаман. Юртимизда тинчлик, фаровонлик ҳамиша бардавом бўлсин. Биз урушни кўрдик, сизлар кўрманглар...

Бугун биз тунда кўнглимиз хотиржам, ҳеч бир қўрқувларсиз уйқуга ётамиз, тушларимизга ўзимиз ўйлаган яхши нарсалар киради, тонгда эса яна хотиржам уйғонамиз. Лекин уруш қатнашчиларининг тушларига нималар кирар экан деб ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Даврада ўтирган яна бир уруш қатнашчиси Мухтор ота Расулов эса тушларига у истамаган нарсалар киришини, ўқ овозлари, оловлар ичра аскарларнинг ҳайқириқлари, очлик, ташналик, оғриқлар киришини айтади. 1922 йилда туғилган Мухтор ота урушга бориб, Смоленск, Сталинград, Рязань, Воронеж каби шаҳарларни озод қилишда жанг қилган.
— Ғалабамиз туфайли бугун ҳаётмиз. Лекин бу кунларга етиб келишнинг ўзи бўлгани йўқ. Нафақат уруш вақтида, балки урушдан кейин ҳам одамларнинг яшаши осон бўлмаган. Очарчиликни, айрилиқ азобларини бошдан ўтказди халқ. Истагим шуки, ёшларимиз бугунги тинчликнинг қадрига етишсин, - дейди отахон.
Ҳа, уруш асоратлари жони омон қолганларнинг кўпчилигида бор. Улар юракларида битмас яра бўлиб қолган.
Тадбирда тинчлигимиз, эркимиз йўлида жасорат кўрсатган ушбу ҳамюртларимизга ҳомийлар, шу жумладан, “Даракчи” газетаси томонидан эсдалик совғалари, “NIKA PHARM” фармацевтик корхонаси ҳамда “OXYmed” дорихоналар тармоғи томонидан 200 минглик дори воситалари учун махсус сертификат, “ZAMONA RANO” фармацевтик компанияси томонидан фиточойлар тўплами топширилди.









