2019 йилнинг 11-12 август кунлари Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида, “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Биринчи Каспий иқтисодий форуми бўлиб ўтади.
Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихонасида оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда фавқулодда ва мухтор элчи Язгули Маммедов мазкур йирик анжуманнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
Элчининг айтишича, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2014 йилдаёқ Каспийбўйи минтақаси давлатлари ўртасида транспорт ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Каспий иқтисодий форумини ташкил этиш ташаббусни илгари сурган.
Таъкидланганидек, Каспийбўйи минтақфаси йирик иқтисодий, энергетик ва транспорт имкониятларига эга бўлган стратегик ҳудудлардан бири саналади. 2018 йил 12 августь куни Қозоғистоннинг Актау шаҳрида ўтказилган Каспий саммитида мазкур денгизнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш ҳақида бир қатор ҳужжатлар имзоланган, ушбу анжуманда Туркманистонда Каспий иқтисодий форумини ўтказиша келишиб олинган.
Маълумки, Каспий денгизи сайёрамиздаги энг йирик ёпиқ сув ҳавзаси ҳисобланиб, унинг умумий майдони 3 100 000 километр-квадратга тенг. Мазкур денгиз тўлқинлари бешта давлат – Туркманистон. Қозоғистон, Озарбойжон, Россия ва Эрон соҳилларини ювиб туради.
–Айни пайтда Каспий ҳавзасида жойлашган мамлакатлар ўртасида ҳар тарафлама ҳамкорлик, хусусан иқтисодий муносабатлар ривожланиб бормоқда. Ушбу мамлакатлар ўртасида бугунги кунда бирор жиддий муаммолар, ечимини кутаётган низолар йўқ, - дейди Туркманистон элчиси Язгули Маммедов журанлистларга берган интервьюсида.
Элчининг айтишича, ушбу форум халқаро конференция, инновацион технологиялар кўргазмаси ва тегишли ҳужжатларни имзолаш маросимини ўз ичига олади. Мазкур йирик анжуманга Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари ҳам таклиф этилади.






