АсосийJamiyat

“Бойсун баҳори”истеъдодли халқ бахшиларини кашф этди

'“Бойсун баҳори”истеъдодли халқ бахшиларини кашф этди'ning rasmi

Кеча “Бойсун баҳори” фесивали ишига якун ясалди. Ушбу кенг қамровли тадбир элимизнинг ўзига хос халқ ижодиёти, фольклор мусиқаси ва оғзаки поэтик ижоди билан уйғунашиб, ажиб бир қиёфада намоён бўлувчи ўзбек миллий тимсолини яратиб берди.

Бизнинг турли вилоятларимиз бир-бирини такрорламайдиган ўзига хос миллий либослар, қадимий маросим ва урф-одатлар ҳамда халқ ўйинларига эга. Биргина Бойсуннинг турк, қўнғирот, қатағон, чағатойи, қарлуқ, дурман, жуз, хардур, барлос каби этник гуруҳларининг қадимий анъаналари бу ернинг маданий муҳити, аҳолининг турмуш тарзи билан чамбарчас боғланган ҳолда ўзгаришсиз сақланиб қолган.

Бойсун маданий муҳити ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган. “Бойсун баҳори” фольклор мусиқа фес­тивали ўтказила бошлагандан буён унинг доирасида элликка яқин ёдгорликлар аниқланди. Кўплаб тарихчи, археолог, этнограф, филолог ва санъатшунос олимлар ҳамда ҳунармандлар халқ тарихи ва маданиятини ўрганишга ҳисса қўшмоқдалар.

Айтиш жоизки, бу фестивал қарийб 10 йилдан бери ўтказилмай тўхтаб қолган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан“Бойсун баҳори”фольклор фестивали яна қайта тикланди.

Фестиваль доирасида миллий халқ ўйинлари ва санъаткор бахшиларнинг дастурлари ҳам намойиш этилди. Жумладан халқаро фестивалларда иштирок этиб келаётган Қорақалпоғистон Республикасининг “Афсона”, Андижон вилоятининг “Сайқал”, Бухоро вилоятининг“Сахро саболари”, Жиззах вилоятининг “Гаштак”, Навоий вилоятининг“Ёр-Ёр”, Наманган вилоятининг “Яллама-ёрим”, Самарқанд вилоятининг “Чинор”, Сирдарё вилоятининг “Сайҳун йигитлари”, Сурхондарё вилоятининг “Бойсун”, Тошкент вилоятининг “Тўрғай”, Тошкент шаҳрининг “Бувижонларим”, Хоразм вилоятининг “Машъал”, Фарғона вилоятининг “Шодиёна”, Қашқадарё вилоятининг “Занжир сарой” каби энг намунали фольклор жамоалари ўзларининг мусиқали дастурларини намойиш этишди.

Фестивалда белгиланган мезон асосида энг яхши деб топилган жамоаларга совринли ўринлар ва рағбатлантирувчи дипломлар топшрилди.

Биринчи ўрин Хоразм ва Сурхондарё жамоаларига берилди. Cирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси жамоалари иккинчи ва Тошкент вилояти, Фарғона ва Наманган гуруҳлари учинчи ўринга сазовор бўлишди. Хорижий меҳмонлардан фестивалда фаол қатнашган афғонистонлик бахшилар рағбатлантирувчи мукофотни қўлга киритдилар. Умуман тадбирда яхши натижа кўрсатган барча иштирокчиларга раҳбатлантирувчи мукофотлар берилди.

Ўйлаймизки, фольклор қўшиқлар ижрочиларининг “Бойсун баҳори”фестивали кедгусида ҳам мунтазам равишда ўтказилади ва янги-янги истеъдодларни кашф этишга ҳисса қўшади.

Манзура БЕКЖОНОВА

    Бошқа янгиликлар