Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигидан маълум қилишларича, 9 минг 988 ҳужжатсиз бола аниқланган ва уларнинг 7 минг 712 нафари айни пайтда шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлган. Қонуний никоҳсиз яшаб келган 10 минг 24 оиланинг 6,5 мингга яқини никоҳи расмийлаштирилган; 75 минг 242 нафар юртдошимизга ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга эгалик ҳуқуқи берилган.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари тизимида ўтказилган ўрганишлар мамлакатимиз демографик статистикасида катта хатолар борлигини кўрсатди. Юртимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли ҳамон туғилган чақалоқларини рўйхатдан ўтказиш, никоҳни расмийлаштиришга бефарқ қараб келмоқда. Қайд этилмаган ҳужжатларнинг 90 фоизга яқини туғилиш ва никоҳ ҳақидаги гувоҳномалар ҳиссасига тўғри келган.
Юридик нуқтаи назардан мазкур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги фуқароларни қонуний ҳуқуқ ва эркинликларидан маҳрум қилади. Масалан, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси бўлмаса, шу шахсни йўқ, деб ҳисобласа бўлади. Ахир, гувоҳномасиз болани боғчага расмийлаштириб ёки мактабга бериб бўлмайди.
Давлат хизматлари агентлиги ва жойлардаги ФҲДЁ бўлимлари ходимлари уйма-уй юриб, муаммоларни бартараф этмоқда. Натижада 9 минг 988 нафар ҳужжатсиз бола аниқланди. Уларнинг 7 минг 712 нафари айни пайтда шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлди. Қолганлари кўриб чиқилмоқда.
Зеро, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бирорта бола қайд этилмасдан қолиши мумкин эмас. Туғилганликнинг қайд этилиши бола ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишининг ва фуқаролик бўлмаслиги олдини олишнинг ҳуқуқий асосидир.
Қонуний никоҳсиз яшаб келган оилаларни ўрганиш натижасида 10 минг 24 шундай оила аниқланиб, қарийб 6,5 мингга яқин оилада никоҳ расмийлаштирилган.
Бу жараёнда Давлат хизматлари агентлиги ходимлари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Агентликда 1148 рақамли “Ишонч телефони“ ишлаб турибди.
Фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ўз вақтида қайд этилмаганлигини аниқлаш бўйича ўтказилаётган инвентаризация тадбирлари 2019 йил 1 июлга қадар давом этади.
Агентлик томонидан ўтказилаётган яна бир ижтимоий акция – бу ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларни қонунийлаштиришдир. Давлат идоралари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ваколатли органларининг бепарволиги сабабли уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан, минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида уй-жойларни ноқонуний барпо этишган.
Уй-жой учун зарур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги аҳоли ўртасида бошқа ижтимоий муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Чунки бу яшаб турган жойида рўйхатдан ўтиш, мулк ҳуқуқига эга бўлиш ва уни амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслигига олиб келади.
Бу муаммонинг ечимини топиш мақсадида Президент фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинган. Шунга кўра, 2019 йил 1 майга қадар фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки тегишли рухсатсиз қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди.
2019 йил 1 февралга қадар 75 минг 242 нафар юртдошимиз ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга эгалик ҳуқуқини қўлга киритди.






