Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари ҳамда “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг бир қатор божхона постларида илк маротаба “Фронт-офис”лар фаолият бошлади.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш Президентимизнинг 2018 йил 24 ноябдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида назарда тутилган эди.
“Фронт-офис”лар фаолият юритиши учун божхона постлари алоҳида иш жойлари, компьютер техникалари ва бошқа зарур анжомлар билан таъминланди. Танлов асосида 60 га яқин “Фронт-офис” хизматчиси саралаб олинди.
Ушбу лойиҳани ишга тушириш жараёнида Озарбайжон, Грузия, Россия ва Беларусь каби давлатларнинг тажрибалари чуқур ўрганилди.
“Фронт-офис”лар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона юк декларациясини тўлдириш бўйича бепул асосда хизмат кўрсатувчи махсус шахслар гуруҳи бўлиб, улар ҳудудий божхона бошқармалари билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси асосида фаолият кўрсатади.
“Фронт-офис” хизматчилари асосан тадбиркорнинг мурожаатлари асосида божхона юк декларациясини тўлдириш ва тадбиркорга ўз ваколати доирасида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини таништириш билан шуғулланади.
Бу жараёнда уларга божхона назорати зонасига кириш, божхона масалалари бўйича божхона ходимларидан белгиланган тартибда маслаҳатлар ва маълумотлар олиш ҳуқуқига ҳам эга.
Энди тадбиркор божхона юк декларациясини тўлдириш учун тўғридан-тўғри “Фронт-офис” хизматчиларига мурожаат қилиб, бу жараёнда зарур бўладиган ҳужжатларни, шунингдек, товар кодлари ҳамда божхона қиймати тўғрисида маълумотларни тақдим этса бўлди, иш осонлашади.
Бунда “Фронт-офис” хизматчиси декларацияни электрон дастурда тўлдиради. Сўнгра тадбиркор тайёр декларацияни ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаган ҳолда тегишли ахборот тизими орқали божхона органларига тақдим қилади.
2018 йилнинг 1 июлига қадар боюжхона юк декларацияларини фақатгина тегишли малака аттестатига эга бўлган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларгина тўлдириш ва божхона органларига тақдим қилиш ҳуқуқига эга эди.
2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорларга ҳам мустақил равишда божхона юк декларациясини тўлдириш ва божхона органларига тақдим қилиш ҳуқуқи берилди. “Фронт-офис”лар фаолияти ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, бизнес вакиллари учун айни муддаодир.
“Фронт-офис” хизматчилари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида уларнинг Давлат божхона қўмитаси Божхона институтида 1 ойлик ўқув курсларида малака ошириши ҳам назарда тутилган.
Дастлабки лойиҳа доирасида божхона юк декларациясини тўлдириш учун тақдим этилган маълумот ва ҳужжатлар ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисига юкланади.
Лойиҳа натижаларига қараб, кейинчалик бошқа ҳудудий божхона бошқармаларида ҳам жорий этилиши назарда тутилган.






