Ҳозиргина УЕФАнинг Ньондаги қароргоҳида Чемпионлар лигаси плей-офф босқич 1/8 финалига қуръа ташланди.
Тадбирга меҳмон сифатида испаниялик машҳур футболчи, Англиянинг “Ливерпуль” жамоаси сафида УЕФА Чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритган Луис Гарсия таклиф этилди.
Айнан Гарсия томонидан тортилган шарчалар ёрдамида 1/8 финал жуфтликлари аниқланди. Унга кўра клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақанинг баҳорги мавсумида қуйидаги жуфтликлар ўзаро тўқнаш келадиган бўлишди:
“Шальке” (Германия) – “Манчестер Сити” (Англия)
“Атлетико” (Мадрид, Испания) – “Ювентус” (Италия)
“Манчестер Юнайтед” (Англия) – “Пари Сен-Жермен” (Франция)
“Тоттенхэм” (Англия) – “Боруссия” (Дортмунд, Германия)
“Лион” (Франция) – “Барселона” (Испания)
“Рома” (Италия) – “Порту” (Португалия)
“Аякс” (Голландия) – “Реал” (Испания)
“Ливерпуль” (Англия) – “Бавария” (Германия)
Ушбу жуфтликлар орасида шубҳасиз “Ливерпуль” – “Бавария” қарама-қаршилиги 1/8 финалдаги энг марказий ўйин, мақомига муносиб. Бир қарашда ҳозирги “Ливерпуль” Бундеслигада у қадар ишончли ўйин кўрсатолмаётган мюнхенликлардан устундек.

Аммо, “Бавария” катта ўйинларни қандай ютишнинг яхши ҳадисини олган. Боз устига жамоанинг янги устози Нико Ковач аста-секин немис машинасининг мурватларини тузатиб бормоқда ва тез орада биз яна аввалги “Бавария”ни кўрсак ажабмас.
“Манчестер Юнайтед” – ПСЖ жуфтлиги ҳам мухлисларга бетакрор онларни тақдим этишига шубҳа йўқ. Тўғри, ҳозирда “МЮ”нинг ишлари унчалик яхши эмас. Аммо, ЧЛнинг 1/8 финалига икки ойдан кейин старт берилади. У вақтгача Жозе Моуриньо жамоаси оптимал ҳолга келиб олса, парижликларга осон бўлмайди.

Боз устига қишки трансфер мавсумида “қизил иблислар” катта трансферларни амалга ошириши кутилмоқда. Шундай экан, ушбу қарама-қаршилик бизга ажойиб сюрприз тақдим этса ажабланмаймиз.
Ва албатта нимчорак финалнинг “Атлетико” – “Ювентус” жуфтлиги ҳам футбол фанатларини бефарқ қолдирмаслиги аниқ. “Кекса синьора” ўз сафини Криштиану Роналду билан кучайтириб олгач, А Серияда рақобатдан холидек тасаввур уйғонмоқда. Ва табиийки улар энди ЧЛ бош совринини кўзлашмоқда, десак хато бўлмайди. Қолаверса, фаолиятини давом эттираётган чарм тўп усталари орасида ушбу мусобақанинг беш карра ғолиби бўлмиш Кри Ро (бир марта “МЮ” ва тўрт марта “Реал” сафида) ўз уйига олтинчи кубокни олиб кетишга ҳам қарши бўлмаса керак.

Агар ушбу ҳолат содир бўлса, Роналду мутлақ рекордчига айланиб олади. Аммо, жорий ЧЛнинг финал учрашуви Мадриддаги “Ванда Метрополитона” стадионида ўтказилишини ҳисобга олсак, Диего Симеоне шогирдлари ҳам финални кўзлашаётганига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Энг қизиғи, бу жамоаларнинг иккаласи ҳам ҳимояни хуш кўришади. Бироқ, плей-офф босқичида ҳимоявий ўйин билан мақсадга эришиб бўлмайди, хуш, улардан қай бири ўз анъанасига қарши бораркин.
Нимчорак финалдан ўрин олган “Тоттенхэм” – “Боруссия” (Дортмунд) қарама-қаршилиги ҳам ҳеч бир мухлисни бефарқ қолдирмайди. Уларнинг иккаласи ҳам таркибида кўплаб иқтидорли ёшларни жамлаган.

Қолаверса, Маурисио Почеттино шогирдлари ҳам, дортмундликлар ҳам муҳим ўйинларда қандай ҳаракат қилишни яхши билишади. Хуллас, қанчалик ачинарли бўлмасин, улардан қай биридир мусобақани шу босқичдаёқ тарк этишга мажбур бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 1/8 финалнинг дастлабки учрашувлари 12-13 ҳамда 19-20 февраль кунлари, жавоб ўйинлари эса (5-6 ва 12-13 март кунлари ўтказилади.






