АсосийJamiyat

Келгуси йилдан ўзини-ўзи молиялаштирувчи давлат ОТМлари пайдо бўлади

'Келгуси йилдан ўзини-ўзи молиялаштирувчи давлат ОТМлари пайдо бўлади'ning rasmi

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий ва ўрта махсус таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тажриба тариқасида таълим хизматлари бозорида йўналишлари ва мутахассисликларга талаб юқорилигини ва молиявий барқарорлигини инобатга олиб, бир қатор олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш бўйича таклифларига розилик берилиши кўзда тутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасаларига қуйидагиларни мустақил белгилаш ҳуқуқи берилади:

- таълим жараёнига юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида ходимларга устамалар, қўшимчалар ҳамда моддий рағбатлантиришнинг бошқа турлари миқдорларини белгилаш;

- иқтидорли талабаларга, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган талабаларга нисбатан моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чораларини қўллаш;

- барча маблағларини сақлаш харажатларига, қўйилган вазифа ва мажбуриятларни амалга оширишга, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий қилишга ҳамда ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга сарфлаш;

- олий таълим муассасаси инфратузилмасига сервис хизматлари кўрсатишнинг алоҳида турлари, жумладан, бино ва иншоотлар, талабалар турар жойлари, спорт объектлари эксплуатацияси, уларни тозалаш, таъмирлаш, компьютер техникаси ва телекоммуникация тармоқларини сақлаш ва юридик хизматлари кўрсатишни хусусий бошқарувга (аутсорсинг усули бўйича) бериш;

- бўйсунуви бўйича вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда олий таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳияти ҳамда унинг моддий-техник базаси имкониятларини инобатга олган ҳолда талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишнинг ҳар йиллик қабул кўрсаткичлари ҳамда янги таълим йўналишлари ва мутахассисликлар очилишини белгилаш;

- бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини олий таълим муассасасини ўзини-ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдорида белгилаш.

    Бошқа янгиликлар