Хоразм вилояти божхона бошқармасининг “Урганч аэропорти” чегара божхона пости ходимларининг ҳушёрлиги натижасида божхона чегараси орқали нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб чиқилишига доир навбатдаги қонунбузарлик ҳолати фош қилинди, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси.
Хусусан, қўшни давлатга учиб кетаётган фуқаро Ш.М. божхона назоратидан ўтишда “қизил” йўлакдан ҳаракатланиб келаётганида йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилган 4622 АҚШ доллари ва 14000 Россия рублидан ташқари 3 минг АҚШ долларини ўзига нотаниш бўлган, ушбу йўналишда учиб кетаётган, С.Ш. номига тўлдирилган йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатиб, олиб ўтмоқчи бўлган. Божхоначилар фуқаро С.Ш нинг безовталаниши сабаб у билан оғзаки савол жавоб ўтказишди. Фуқаро С.Ш. пуллар Ш.М.га тегишли эканлигини ва унинг илтимосига биноан ўтказиб бераётганини маълум қилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текшируви олиб борилмоқда.






