27 октябрь куни ижтимоий тармоқларда пахта даласи ёнидаги ариққа тушиб турган 6 нафар кишининг суратлари тарқалгани ҳақида хабар берган эдик.
Шундан сўнг, Меҳнат вазирлиги дарҳол фуқаролардан суратга олинган жой ва шароитни аниқлашга ёрдам берувчи ҳар қандай маълумотлар ҳақида хабар беришларини сўраб, расмий мурожаат билан чиқди.
Kun.uz нашри мухбирлари ўтказган суриштирувга кўра, ушбу ҳолат Тошкент вилояти Оққўрғон тумани, "Абдуносир Ғулом" фермер хўжалиги майдонида юз берган. Шунингдек, ариқдаги эркакларнинг кимлигига аниқлик киритилди.
Улар Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари — Шерзод Муродов, туман сув хўжалиги бошлиғи — Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи — Шароф Аҳмедов, "Озод" МФЙнинг оқсоқоли — Зокир Мусабеков, "Мавлонбой ота" фермер хўжалигини раҳбари — Аброр Мавлонов, "Абдуносир" фермер хўжалиги раҳбари (исми Носир) эканлиги айтилмоқда.
Маълум қилинишича, раҳбарлар ғаллани ўз вақтида суғормаган масъул ва фермерларни шу кўринишда жазолаган.
Эндиликда эса ушбу олтиовлоннинг тош кўтариб тушган сурати тарқалди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, айни вақтда ушбу ҳолат юзасидан қизғин муҳокамани давом эттирмоқда.






