Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида ўтказилган “Кембрия патрули” халқаро танловида биринчиликни қўлга киритди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
15−17 октябрь кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари гуруҳи Буюк Британияда разведка бўлинмалари ўртасидаги «Кембрия патрули» халқаро мусобақасида иштирок этди.
Мусобақада 34 давлатдан 123 та жамоа қатнашди. «Кембрия патрули» мусобақаси 40 йилдан буён Уэльсда анъанавий равишда ўтказиб келинади. Ушбу танлов дунё ҳарбий хизматчилари ичида ўтказиладиган энг мураккаб ва нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланиб, уни махсус бўлинмаларга саралаш жараёни билан ҳам таққослашади. Бунда асосий эътибор ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигига қаратилган.

Иштирокчилар Кембрия тоғларида тўлиқ жанговар қуролланган ҳолда ҳеч қандай навигация воситаларисиз камида 25 кг юк билан 70 км масофани босиб ўтишда 1500 м баландликка кўтарилиб, 1000 м тик нишабликни 48 соат ичида босиб ўтишлари лозим.
2017 йилда мазкур мусобақада 29 мамлакатдан 139 та жамоа қатнашган эди. Унда биринчи марта иштирок этган мамлакатимиз Мудофаа вазирлиги жамоаси фахрли иккинчи ўринни забт этган бўлса, бу йилги танловга қатъий тайёргарлик ва аниқ мақсадлар билан борган ҳамюртларимиз мезбон давлат вакиллари билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Иккинчи ўрин Буюк Британия, Ҳиндистон ва Франция жамоаларига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Буюк Британия ва Қозоғистондан келган жамоалар эгаллади. Қизиқарли жиҳат, ушбу танловда Англиянинг 90 та жамоаси иштирок этди.
Нуфузли мусобақада ғолиб бўлган ҳамюртларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейида ғолибларни шарафлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Тадбирда мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий мамлакат элчихоналарининг ҳарбий атташелари, ғолиб жамоа ва уларнинг яқинлари, давлат ва жамоат ташкилотларивакиллари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.

22 октябрь куни Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида “Кембрия патрули” танловининг ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Абдусалом Азизов мамлакатимизга олтин медаллар билан келган ғолиб жамоа аъзоларини қутлади ва ўтган йилларга нисбатан вазирлик қўшинларида жанговар тайёргарлик машғулотлари бир неча марта ҳам сифат, ҳам сони бўйича кўпайгани эвазига мана шундай ютуқларга эришилаётганини таъкидлади.
“Президентимизнинг жорий йилда Бухоро вилоятида жойлашган ҳарбий қисмга ташрифи давомида ўтган йилда “Кембрия патрули” танловида иккинчи ўринни қўлга киритган қўшин разведкачиларимиз бу йилда, албатта, ғолиблик шоҳсупасини эгаллаб, ёруғ юз билан Ватанга қайтишга ваъда беришганди ва бунинг уддасидан чиқишди.
Бир ҳақиқатни тан олишимиз керак – бундай ғалабага Ватанни севмасдан, унга содиқ бўлмасдан эришиб бўлмасди!,” – деди Абдусалом Азизов.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган ғолиб ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига миннатдорчилик билдирилди. Тўққиз нафар танлов ғолиби Ўзбекистон мудофаа вазирининг “Намунали хизмати учун” кўкрак нишони ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шу куннинг ўзида зафар қозонган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг яқинлари учун мудофаа вазири номидан байрам дастурхони ёзилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофа вазирлиги қўшин разведкачилари 2017 ва 2018 йилда III ва IV Халқаро армия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, мусобақаларнинг “Қўшин разведкаси аълочилари” танловида икки йил давомида учинчи ўринга сазовор бўлишган эди.






