АсосийJamiyat

Марҳум Фурқат Юсуповнинг китоби 10 минг нусхада чоп этилади

'Марҳум Фурқат Юсуповнинг китоби 10 минг нусхада чоп этилади'ning rasmi

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуранбоев Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган «Ёшлар спорт ҳафталиги» доирасида қорақалпоғистонлик ижодкор, таниқли блогер, kruz.uz сайти асосчиси марҳум Фурқат Юсуповнинг 10 минг нусхадаги ижод намуналари жамланган китоби чоп этилишини таъкидлади. Ёшлар етакчиси блогернинг онаси билан учрашиб, оила аъзолари ҳолидан хабар олди.

Онасининг айтишича, Қаҳрамон Қуранбоев Фурқатнинг ижодини ва ташкилот тизимидаги фаолиятини юксак қадрлаган. Унинг ижодий ишларидан таркиб топган янги китобини 10 минг нусхада чоп этилишига ваъда берган.

Фурқат Юсупов умри давомида 6000 дан ортиқ халқ дарди, ёшлар муаммоларини ҳал этишга доир долзарб мавзуларда мақолалар ёзган. Улар яхлит китоб ҳолида чоп этилмаган. Фурқат Юсуповнинг ўзи хомаки нусхада бир нечта китоб чиқарганди. Мана шу китоблар ва энг сара мақолалар китоб ҳолида нашр этиш учун тақдим қилинди. Ҳозирча китобнинг номи маълум эмас. Мазкур китоб Фурқат Юсуповнинг туғилган кунида яъни жорий йилнинг 11-декабрида чоп этилади.

Йил якунига қадар 10 минг нусхадаги китоблар блогернинг мухлисларига етиб боради.

Мазкур китоб мутолааси орқали Фурқат Юсуповнинг янги, ҳеч ким билмаган қирраларини кашф қиласиз. Унинг мақолаларида халқ дарди, ёшларнинг орзу-истаклари, мақсадлари ҳаётий ва халқчил тилда акс эттирилган. Мақолаларини ўқиш давомида бунга ўзингиз амин бўласиз.

Маълумот учун, таниқли журналист Фурқат Юсупов 1992-йил 11-декабрда туғилган. Шу йилнинг 7-июнь куни бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этди. У асос солган kruz.uz сайти 2016-йилда «Миллий интернет танлови»да «Икки тилда яратилган энг яхши сайт» номинацияси ғолиби бўлган. У вафотига қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг матбуот котиби лавозимида фаолият олиб борди.

Шаҳноза Нуруллаева

    Бошқа янгиликлар