Жаҳон банки Индонезияга зилзила ва цунами оқибатлари билан курашиш учун 1 млрд доллар миқдорида моддий ёрдам кўрсатишини маълум қилди, деб хабар берди ТАСС нашри.
Банк вакиллари ажратиладиган маблағлар табиий офатлардан эрта огоҳлантириш тизимларини такомиллаштириш, инфратузилма ва муҳим объектларни тиклаш учун ишлатилиши мумкинлигини маълум қилишган. Бундан ташқари, молиявий ёрдам энг ночор 150 минг оилага 6 ойдан бир йилгача пул ўтказмалари амалга оширилишини кўзда тутади. Бу чора тикланиш вақтида аҳолининг бандлигини қўллаб-қувватлашга имкон беради.
Маблағлар, шунингдек, июль ойининг охири –август ойининг бошида зилзилалардан жабр кўрган Ломбок оролини тиклашга ҳам мўлжалланган. Жаҳон банкининг маълум қилишича, ушбу маблағлар Индонезия раҳбариятининг тегишли сўровидан кейин тақдим қилинади. Банкнинг ҳисоб-китобига кўра, Марказий Сулавеси вилоятида табиий офатлардан кўрилган иқтисодий зиён 531 миллион долларга яқинни ташкил қилган.






