Москва шаҳрида Халқаро фуқаро авиациясининг “Аэропорт” ассоциацияси томонидан ўтказилган танловнинг “МДҲ мамлакатларидаги энг яхши аэропорт” номинациясида 2017 йил натижаларига кўра “Бухоро” халқаро аэропорти ғолиб бўлди. Бу хақда ЎзА хабар берди.
"Бухоро" халқаро аэропорти МДҲ мамлакатларидаги 100 мингдан 500 мингача йўловчи ташувчи ҳаво бандаргоҳлари ўртасида юқори натижалари учун махсус кубок ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Таъкидлаш керакки, совриндор аэропорт томонидан 2017 йилда халқаро ва ички йўналишларда 190 минг йўловчига хизмат кўрсатилди. Юк, почта ва пулли багаж ташиш салмоғи аввалги йилгига нисбатан ошди. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди. Аэропортда парвозлар хавфсизлигини таъминлаш доимий эътиборда.
“Бухоро” халқаро аэропортига 2016 йилда берилган Халқаро ISO 9001:2015 сертификати аэрокорхона фаолиятининг юқори сифат даражасини тасдиқлайди.
– Ҳаво бандаргоҳимизнинг моддий-техник базаси йилдан-йилга мустаҳкамланмоқда, – дейди “Бухоро” халқаро аэропорти масъул ходими Сайфиддин Бадриддинов. – Соатига 400 йўловчига хизмат кўрсатадиган терминалда парвозга чоғланаётган ва вилоятимизга келаётган йўловчилар учун барча шароит мавжуд. Хизмат кўрсатишнинг янги тизими – “Яшил йўлак” ва “Қизил йўлак” жорий қилингани мижозлар, айниқса, сайёҳларга янада қулайлик яратмоқда.
Шу ўринда қайд этиш керакки, “Бухоро” халқаро аэропорти "Йилнинг энг яхши аэропорти” номинацияси бош совринига бешинчи бор сазовор бўлди.






