АсосийDunyo

Саудиялик аёлларга машина ҳайдаш ҳуқуқи берилди

'Саудиялик аёлларга машина ҳайдаш ҳуқуқи берилди 'ning rasmi

Саудиялик аёллар бунга эришиш учун узоқ йиллар ҳаракат қилишларига тўғри келди.

Саудия Арабистондаги таниқли уламо Камол Субҳийнинг фикрига кўра, агар хотин-қизларга машина ҳайдаш ҳуқуқи берилса, бу мамлакатда аёллар ибо-ҳаёсига путр етказиши, ҳатто фоҳишабозлик, ҳаёсизлик, гомосексуализм ва ажримларга йўл очиши мумкин.

Машина ҳайдаш ҳуқуқи учун курашаётган фаол аёллар бу гапларни қип-қизил жинниликдан ўзга нарса эмаслигини таъкидлашмоқда.

Бироқ Камол Субҳий тарафдорлари диндаги айрим бандларни ўзларига асос қилиб олишган.

Сўнгги пайтларда саудиялик аёлларни қўллаб-қувватловчилар ҳам кўпайди.

Европа фатво мажлисининг аъзоси Юсуф Абром айтадилар: “Ҳайдовчилик мубоҳ иш. Лекин ҳаром этилган ишга олиб борса унда ҳаром бўлади. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда эркаклар аралашмаган ва аёл эҳтиром қилинадиган таълим жараёнида қатнашса, сўнг машинани ўзи ва оиласи учун фойдали йўлда ишлатса, машина ҳайдашга монеълик йўқ деб биламан”.

Тўғри, саудиялик айрим одамлар машина ҳайдаш аёлга ҳар томонлама ножоизлигини айтишмоқда. Лекин бундай қараш фақат Саудия мамлакатига тегишлидир. Қолган мусулмон давлатлар эса бу ишдан келадиган фойда ва зарарларни ҳисоб-китоб қилиб, ҳукм берадиган ишончли уламоларининг фатволарига қарашади.

Ал-Азҳар уламоларидан доктор Абдулфаттоҳ Ошур айтадилар: “Модомики аёл уйидан Аллоҳнинг шариатига риоя қилган ҳолда чиқар экан, унинг машина ҳайдашининг зарари йўқ. Модомики биз уни эркакнинг шериги деб тан олган эканмиз, таълим олишда, турли вазифаларда ишлашида уни тенг кўрарканмиз, машина ҳайдашида ҳам ҳеч қандай ёмонлик йўқдир. Буни маън этганлар ҳазир ва эҳтиёт бўлганликдан қилганлар. Энди аёл турли масалаларда эркак билан тенг мақомда кўрилаётган жорий муҳитда бундай эҳтиёткорликнинг маъноси бироз йўқолган. Биз таъкидлашимиз лозим бўлган нарса шуки, аёл албатта, ислом одоби билан одоблансин. Машина миниб шубҳали жойларга ёки ўзини ва шаънини хатарга қўядиган томонларга бормасин. Бундан бошқа ҳолларда ҳеч қандай монеълик йўқ. Балки аёл ўзи танимайдиган ёки аёлни танимайдиган бегона киши билан бир машинада юришдан кўра

унинг машина ҳайдаши афзалдир”.

Ушбу мавзу кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Араб аёллари машина рулига бемалол ўтириш орзуларидан воз кечмади. Охир-оқибат Саудия Арабистонда ҳам аёллар автомашиналрни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Илгари расман тақиқ бўлмаган бўлса-да, бунга қарши кучлар бартараф этилгани мамлакатдаги хотин-қизлар учун узоқ кутилган орзулар рўёби бўлди. Ушбу норасмий тақиқ расман жорий йилнинг 24 июнь кунидан олиб ташланади. Ушбу санадан бошлаб Саудия кўчаларида ҳам хотин-қизлар бемалол автомашиналарда ҳаракатлана оладилар.

Айни вақтда мамлакатда хотин-қизларнинг автомашиналардан эркин фойдалинишлари, ёқилғи шохобчаларидаги навбатда туриш шаклини енгиллаштириш ва махсус автобекатларда машиналарни жойлаштириш бўйича қулайликлар яратиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

    Бошқа янгиликлар