АсосийJamiyat

Ҳоким Сергелидаги ёғоч уйлар тақдири ҳақида батафсил маълумот берди

'Ҳоким Сергелидаги ёғоч уйлар тақдири ҳақида батафсил маълумот берди'ning rasmi

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Сергели тумани ҳокими Нозим Ҳусанов иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Унда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили Давлат дастури доирасида туманда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Маълумки, Сергели пойтахтнинг бошқа туманларига нисбатан ҳудуди жиҳатдан энг каттаси ҳисобланади. Тумандаги 39 та маҳаллада 207 минг аҳоли истиқомат қилмоқда. Аҳолига кўп қаватли уй-жойлар қуриб фойдаланишга топшириш бўйича 4 йиллик қурилиш дастури доирасида ўтган йил ҳудудда 4 минг 40 та хонадон қуриб фойдаланишга топширилди. Жорий йилда 5 минг 40 та хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Туманда ҳозирги кунда 25 та умумтаълим мактаби мавжуд. Анжуманда мактабларга бўлган талаб ҳамда ўқувчиларнинг сони коэффиценти инобатга олиниб жорий йилда яна иккита умумтаълим мактабини очиш режалаштирилаётгани айтилди.

Шунингдек, ҳоким анжуман иштирокчиларига Сергелидаги ёғоч уйлар ҳақида ҳам маълумот берди. Ҳокимнинг сўзларига кўра, 70 гектарни ўз ичига олган ёғоч уйлар ҳудуди инвесторларга янги кўп қаватли уй-жой қуриш учун бўлиб берилади. Яъни, инвесторларга ёғоч уйларда истиқомат қиладиган аҳолига туманнинг бошқа ҳудудидан кўп қаватли уй қуриб бериш шарти қўйилади. Инвесторларга янги кўп қаватли уйлар қуриш учун туман ҳокимлиги томонидан алоҳида ер майдони ажратилади. Аҳоли янги қурилган кўп қаватли уйларга кўчгандан сўнг, ёғоч уйлар бузилиб ўрнига кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланган. Янги уйлар қурилишида ҳудудда ижтимоий объектлар ҳисобга олинади. Яъни ҳудудда мактабгача таълим муассаси, мактаб, касалхона, спорт майдончаларини қуриш ҳам режалаштирилган.

    Бошқа янгиликлар