Шоир Муҳаммад Исмоил ижтимоий тармоқдаги саҳифасида кўп йиллар Президент Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари бўлиб ишлаган Аҳмаджон Отажонов саҳифасида пост қолдирди. Унда собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров Аҳмаджон Отажонов ўз вақтида уни қаттиқ танқид қилиб чиққан учун қаматиб юборгани ҳақида сўзлаб берди:
"Менинг ёнимдаги бу ажойиб инсон кўп йиллар Президент Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари бўлиб ишлаган Аҳмаджон Отажонов бўлади.
Каззоб Рашид Қодиров имкон топиб уни бир неча йилга қамаб юборган эди. Сабаби, Аҳмаджон Отажонов ўз вақтида Рашид Қодировни қаттиқ танқид қилиб чиққан эди. Танқид қилинишига сабаб, Рашид Қодиров Хоразм ва Самарқанд, Андижон вилоятларида кўп йиллар хоким бўлиб ишлаган Бектош Раҳимовнинг куёви эди. Газанда Гдлян Бектош Раҳимовни пахта иши бўйича ноҳақдан ноҳақ қамаб юборгач, Рашид Қодиров Бектош Раҳимовнинг қизини учта боласи билан кўчага ҳайдаб юборган ва мени бундай хотиним, мени бундай болаларим йўқ деб, Гдлянни олдида ўзини оқлаган ва прокуратура ишидаги ўз мавқеини, ўз пушти камаридан бўлган болаларини хор қилиш эвазига сақлаб қолган эди.
Аҳмаджон Отажонов унинг мана шу хиёнаткорлигини танқид қилгани учун, кейинчалик Рашид Қодиров ўз амалидан фойдаланиб, амалини суйиистеъмол қилиб, туҳмат билан уни тўрт йилга қамаб юборган, Аҳмаджон Отажонов унинг касрига тўрт йил оғир жазо муддатини ўтаб қайтган эди. Аҳмаджон Отажонов бир кун ҳақиқат қарор топишига ишонди, умидини йўқотмади. У ҳаётининг кейинги йигирма тўрт йили мобайнида бир марта ҳаж, етти марта умра сафарини амалга оширди, қанчалик қийинчиликларга дуч келмасин, бир сафар бўлсин намоз ўқишдан тўхтамади.
Худодан яхши кунлар келишини ёлвориб сўради, элу юрт олдида юзи ёруғ бўлишини интизорлик билан кутди. Каъбатиллони олдида ҳам ҳақиқат қарор топишини Оллоҳ таолодан сўради. Бугун мана ўша кунлар келди. Худонинг марҳамати, қолаверса Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳақиқатпарварлиги сабаб Ўзбекистон Олий судининг қарори билан Аҳмаджон Отажонов тўлиқ оқланди, етқазиган моддий ва маънавий зарар учун бир неча млн сўм атрофида товон пули тўланадиган бўлди. Биродаримиз Аҳмаджон Отажоновни эришган ғалабаси билан муборакбод этамиз. Ўйлаймизки, бу ғалаба хўрланган, ҳақоратланган, жабру-зулм таёғи остида ингранган, қонга ботиб майиб мажруҳ бўлган, аммо иродаси букилмаган, ёруғ кунлардан умид қилиб яшаган ва ниҳоят рўшноликка эришган минглаб инсонларнинг ҳам ғалабасидир. Илоҳо, қолган минглаб инсонларни қутлаш, табриклаш барчамизга насиб этсин. Сизнинг қувончингизга, шодлигингизга шерикмиз Аҳмаджон ака! Илоҳо, умрингиз узоқ бўлсин ! Соғ бўлинг!"







