Қозоғистон парламенти Сенати қўмита раиси Дариға Назарбоева бошчилигидаги парламент вакиллари Жанубий Қозоғистон вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош Сариоғоч туманида ўзбекистонлик ҳамкасблари билан учрашди.
Икки мамлакат парламенти аъзолари бу йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили, келаси йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили бўлиши муносабати билан ўзаро дўстлик ва қардошлик муносабатларини мустаҳкамлаш, маданий алоқаларни ривожлантириш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Мамлакатларимиз ўртасида сайёҳларнинг эркин кириб-чиқишини таъминлаш тартибларини янада енгиллаштириш масалалари кўрилди. Шунингдек, Сариоғоч туманининг чегара ҳудудида йирик савдо мажмуаси ташкил қилишга келишиб олинди.






