Мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) доирасида умумтаълим муассасаси педагог ходимлари томонидан болаларни бирма-бир (уйма-уй) рўйхатга олиш орқали амалга оширилади.
Умумтаълим муассасаси раҳбарияти мазкур муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумтаълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланади.
Умумтаълим муассасаларининг I синфига 6-7 ёшли болалар тиббий хулосага мувофиқ қабул қилинади.
Тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, I синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан умумтаълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқишга жисмонан ва руҳан тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб боради.
Болаларни умумтаълим муассасасининг I синфига қабул қилиш учун уларнинг ота-оналари томонидан қуйидаги ҳужжатлар топширилади:
- ота-оналар томонидан умумтаълим муассасаси директори номига ариза;
- ота-оналарнинг фуқаролик паспорти нусхаси;
- боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
- боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;
- боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати.
Болалар умумтаълим муассасасининг I синфига тайёргарлик даражасидан қатъи назар, танловсиз қабул қилинади.






