2017 йил 13 июнда Президентимиз томонидан судьялар билан ўтказилган тарихий учрашувда судьялар кундалик фаолиятида халқ билан бевосита мулоқот шаклларини кенгайтириш орқали одил судловга эришиш даражасини оширишнинг барча чораларини кўришлари лозимлиги юзасидан тегишли вазифа ва топшириқлар берилган.
Ана шундай вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 30 май куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг раиси М.Мирзажонов, Фарғона вилоят маъмурий судининг раиси А.Эранов, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг раиси И.Касимов ва Фарғона вилоят иқтисодий судининг раиси Т.Атабаевлар томонидан Бувайда, Учкўприк, Данағара туман ва Қўқон шаҳар фуқаролари учун сайёр қабул ва очиқ мулоқот ўтказилди.

Даставвал очиқ мулоқотда вилоят судлари раислари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган мавзуларда маърузалар қилинди. Савол-жавоблар тарзида ўтказилган мулоқотда фуқаролар томонидан берилган саволларга суд раислари атрофлича тушунтиришлар бериб ўтишди.
Шундан сўнг, суд раисларнинг фуқаролар учун сайёр қабули ўтказилиб, фуқароларнинг суд ишлари билан боғлиқ мурожаатлари кўриб чиқилди.
Мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан қонунда белгиланган тушунтиришлар берилди ва уларни ҳал қилиш чоралари кўрилди.
Бу каби тадбирларни ўтказишдан мақсад “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”лигини ҳис қилган ҳолда, халқ билан кўпроқ очиқ мулоқотлар ўтказиш, халқнинг ичига кириб, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш судьялар фаолиятининг асосини ташкил этиши лозим.






