АсосийJamiyat

Келин ўз жонига қасд қилди. Ситам ва хўрликларнинг чегараси йўқми?

'Келин ўз жонига қасд қилди. Ситам ва хўрликларнинг чегараси йўқми?'ning rasmi

Эски Жомбой маҳалласида нохуш хабар тарқалди. Гулнора келин ўз жонига қасд қилганмиш. Кимдир ёшгина жувонга, етим қолган норасида фарзандига ачинди. Эрининг зулмига охири бардош беролмапти-да, деди. Кимдир бепарво қўл силтаб қўйди. Иродасизлик қилибди, ғам-ташвиш бир унда эдими, деди. Аслида ана шу лоқайдлик бўлмаганида эҳтимол ёш умр завол топмас, бир бола етим қолмасмиди?

Гулнора ва Акрам (исм-шарифлар ўзгартирилган) турмуш қуришганига ўн йилдан ошган. Шу йиллар давомида аёлнинг бошидан ўтган кўргуликларни битса, катта асар бўлади. Тўйдан аввал ўзини сипо тутган Акрам аслида ичкиликка берилган, ўзидан бошқа ҳеч кимни ўйламайдиган тоифадан экан. Кунда кунора Гулнорани урар, ситам ва хўрликларнинг чегараси йўқдек эди. Шу ўринда ўйга толади, киши. Маҳалла-кўй, қўни-қўшни, ҳар икки томоннинг қариндош-уруғлари, умуман жамоатчилик нега бу ҳолатга лоқайд қараб турган? Икки ойда ўн етти марта (!) калтакланган, юз-кўзи шишган ҳолда, яна тун ярмида уйига қочишга мажбур бўлган аёлнинг тақдири наҳотки ҳеч кимни қизиқтирмаган?

Ҳа, Гулнора иродасизлик қилди. Ҳаёт деб аталган энг лазиз неъматни ўз қўли билан хазон қилди, гуноҳга ботди. Аммо унинг шу кўйга тушишига жим қараб турганларчи?

Жиноят ишлари бўйича туман судида Акрам Темировнинг қилмиши атрофлича ўрганиб чиқилди. Унинг ўз рафиқасига муттасил зулм ўтказгани, уриб-дўппослаб, шаъни, қадр-қимматини камситиб келгани, бу қилмишларида шахснинг ўз жонига қасд қилиш даражасига етказиш жинояти аломатлари мавжудлиги аниқланди.

Зулмкор эрга қонуний жазо тайинланди. Аммо ғишт қолипдан кўчган, бир инсон ҳаётни эрта тарк этиб бўлган. Бу бизга сабоқ бўлса, лоқайдликни бас қилиб, жамоатчилик назорати, ўзаро меҳр-оқибатни тикласак, шояд бундан кейин шунга ўхшаш нохушликлар жамиятимизда содир бўлмаса.

Мавжуда Давлатова,

жиноят ишлари бўйича Жомбой туман суди раиси

    Бошқа янгиликлар