Эркаклар рулдаги аёлларга менсимай, баъзан, ҳатто, ёқтирмай қарашади. Лекин миниб юрган уловлари аёл киши раҳбарлигида тайёрланаётганини билишармикан? Іа-ҳа, азиз эркаклар, сизларнинг «Captiva», «Lacetti» ва «Cobalt»ларингиз General Motors компанияси бошқаруви раиси Мэри Барранинг назорати ва ижозати билан ишлаб чиқарилади. Қуйида эркакларгагина хосдек туюлувчи олиймақом «автоклуб»нинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлган ана шу темир хоним ҳақида ҳикоя қиламиз.
Айбимиз борми, тан оламиз!
Мэри Барри — икки фарзанднинг онаси ва General Motors бош директори лавозимидаги биринчи аёл бир қанча ота-оналарнинг дардини жимгина тингларди. Кимдир ёзиб келган нутқини ўқиб беради, яна биров аввалдан тайёргарликсиз шунчаки гапиради. Бир ота кўйлагининг тугмаларини ечиб юборди — ичдан кийиб олган футболкасида марҳум қизининг сурати акс эттирилганди. Нутқ сўзлаётганлар бир-бирларини умуман танимасдилар, аммо уларни бир қайғу бирлаштирганди: қадрли инсонлари GM автомобилларини бошқараётиб ҳалокатга учрашганди.
Тақдирлар даҳшатли даражада бир-бирига ўхшаш: ёшгина йигит ва қизлар 2005–2007 йиллар оралиғида ишлаб чиқарилган Cobalt автомобиллари рулини бошқараётиб ҳалокатга учрашган: кимдадир хавфсизлик ёстиғи очилмаган, яна бировда ўт олдириш калити ишламаган...
Барра хоним «General Motors»нинг Вашингтондаги офисида қарийб икки соат давомида ана шу ҳасратларни тинглар экан кўзидан ёши тинмасди.
Тўғри, у раҳбарлик курсисига ўтирганига эндигина уч ой бўлди, бу автомобиллар анча аввал ишлаб чиқарилган, аммо шу билан масъулиятни ўзидан соқит қилиб бўлармиди.
General Motors нуқсон билан ишлаб чиқарилган ва сотиб юборилган «Cobalt»ларни йиғиб олиши учун йиллар керак бўлди. Марҳумларнинг оилалари билан ишлаш, уларнинг дардига таскин бериш, товон тўлаш, адоғи йўқдек кўринган суд жараёнларига дош бериш ва компанияни касод бўлишдан сақлаб қолиш — буларнинг бари топ-менежер Мэри Барра зиммасидаги вазифалар эди.
«Мен ўзимни ўша инсонлар ўрнига қўйиб кўрдим. Улар учун компания ҳам қағураётгани, уларнинг дарди бизнинг ҳам дардимиз эканини билиш, ҳамдардлигимизни ҳис қилиш нақадар муҳимлигини билардим. Мен масъулиятни ҳис қилган ҳолда бу қийин дақиқаларда улар билан ёнма-ён турдим», деди кейинчалик интервьюларнинг бирида Барра хоним.
Ўшанда Cobalt автомобилларидан содир бўлган автоҳалокатлар натижасида 15 киши ҳалок бўлди.
Мэри Барра ўз вазифасига совуққонлик билан қараган бир қанча масъул менежерларни бўшатиб юборди, хавфсизлик ва сифат назоратини текшириш стандартларини кучайтирди ва инқироз устидан ғалаба қозонди. Жанжаллар барҳам топди ва General Motors яна равнақ топган, етакчи автосаноат корхоналари қаторидан жой олди. Барри хонимдаги аёлларга хос донолик, инсон руҳиятини яхши билиш, одамларнинг ишончини қозона олиш ва юксак профессионализм шундай мушкул вазифани адо этишга ёрдам берди.

Пиллапоялар бўйлаб юқорига
Автосаноат тарихидаги энг нуфузли аёл Мэри Барри бизнесга 1980 йилларнинг ўрталарида кириб келди. Албатта, кўпгина омадли инсонлар каби у ҳам ҳаммасини нолдан бошлаган. Қизлик фамилияси Макела бўлган Мэри Мичиган штатидаги Уотерфорд Тауншип шаҳрида ўсиб вояга етган. Отаси GMнинг собиқ бўлинмаси — «Pontiac»нинг штамплаш цехида ишларди.
Болалигида Мэри Барра ва унинг укаси Пол (ҳозир шифокор) математика ва табиий фанлардан аъло баҳоларга ўқишган. 1979 йили мактабни тугатган Мэри General Motors институти (ҳозирда Кеттеринг университети)га ўқишга киради. Ўқиш учун пулни Pontiac тўлаган, демак, битиргач ишсиз қолмаслиги тайин. Шундай бўлди ҳам: талабалик йиллариёқ Мэри «Pontiac»нинг штамплаш цехида малака ошира бошлади. Айнан шу ердан унинг меҳнат фаолияти бошланди деса ҳам бўлади.
1985 йили ўқишни тугатгач, у «General Motors»нинг Pontiac заводига сифат назоратчиси бўлиб ишга жойлашди. У ерда ўзининг алоҳида қобилияти, интизоми ва масъулилиятлилиги билан раҳбарият эътиборига тушди. 1988 йили компания унинг Стэнфорд университетида ўқиши учун пул ажратди ва Мэри университет талабаси бўлди. У жуда босиқ ва таҳлилий фикрлаш қобилияти юқори қиз эди. Ана шу хусусиятлари билан аввал талабалар орасида, кейинчалик ўқишни битириб компанияга қайтгач эса жамоада ҳам алоҳида эътиборга тушди. Қийин шароитларда ўзини йўқотиб қўймаслиги ва доим мақбул қарор таклиф этишини сезган компания вице президенти Гэри Каугер 1999 йили Мэрини ички коммуникациялар бўлими бошлиғи этиб тайинлади.
Ёш раҳбарнинг қўл остида бўлимдаги муҳит тубдан ўзгарди. Энди ходимлар ўзаро муҳокамаларда кимнинг қачон декретга кетишию боулинг ўйини натижаларини эмас, қандай ишланса, кўпроқ пул топиш мумкинлигию нима сабабдан корхонанинг келажаги учун якшанба кунлари ҳам ишлаш зарурлиги мавзуларини муҳокама қиладиган бўлдилар.
Орадан 4 йил ўтиб, Мэри «GM»га қарашли бутун бошли завод — «Detroit-Hamtramck (D-ham)»нинг раҳбарига айланди. У ишга ҳаммадан олдин келиб, ҳаммадан кейин кетар, корхонадаги ишчиларни исми билан чақирар, барчани яхши танирди. Аксига олибмолиявий муаммолар кўпайган, муҳит ҳам дўстона эмасди.
Директор бўлиб тайинлангач, Барра заводнинг янги бюджетини ишлаб чиқди ва кираверишдаги дарахтларга илинган байрамона чироқларни олиб ташлашга қарор қилди. Одамлар уни аввал тушунишмади, шу арзимас чироқлар қанчаям пул талаб қиларди, деб ўйлашди. Аммо ҳар бир икир-чикирга эътибор ва оқилона иқтисод натижасида кўп ўтмай «D-ham»даги молиявий инқироз чекина бошлади. Аёл барибир аёл-да, нимани иқтисод қилишни билади.
Икки йил ичида «D-ham» «General Motors»нинг кўп фойда келтирадиган бўлимларидан бирига айланди.

Аёл кишининг иши эмас?
Барра «D-ham»да тартиб ўрнатаётган 2005 йилда «General Motors»да «Chevrolet Cobalt»ни ишлаб чиқариш устида иш бораётганди. Орадан ўн йиллар ўтиб, айнан шу партия корхона имижига жиддий путур етказади.
Мэра Барра чиндан ҳам бу машинадаги ўт олдириш калити билан муаммоларни билмасди, чунки у раҳбарлик қилаётган «D-ham»да Cobalt эмас, «Cadillac», «Buick» ва «Pontiac» ишлаб чиқариларди. Лекин кейинчалик, барибир, бу нуқсон учун у жавоб берди.
Кейинги йилларда Барра мансаб пиллапояларидан юқорилаб бораркан 2005 йилги «Cobalt» муаммоси ҳам авж олаверди. 2005 йилнинг ўзидаёқ инжинерлар муаммони бартараф этиш учун бир нечта вариантларни муҳокама қилишган, аммо бирор амалий чора қўллашмаган, аксинча, агар мижоз ўт олдириш билан муаммолардан шикоят қилиб келса, дилерлар қандай жавоб беришлари кераклиги ҳақида махсус қўлланма, оддий сўз билан айтганда, баҳоналар китобчасини ишлаб чиқишганди. 2006 йилда ўт олдириш конструкциясига маълум ўзгаришлар киритилди, бироқ бу ўзгаришлар муаммони бартараф этмади. Шундан кейин фожиалар даври бошланди.
Наҳотки, Барра бу муаммодан бехабар эди? Бунга ишониш мумкинми? Ахир ўша йиллари у раҳбар бўлмаса ҳам, компанияда юқори лавозимларда ишларди, тажрибали ходим эди-ку. Афсуски, бехабар эди. Чунки «General Motors» катта ва мураккаб ташкилот бўлиб, унда 219 минг (!) ходим ишлайди. Моделлар ишлаб чиқиш бўлимининг ўзида 30 минг киши фаолият юритади. Компанияда бўлимлараро алоқа яхши йўлга қўйилмаганди. Қолаверса, бошқарув кенгашига аъзо бўлмаган инсоннинг шунча одам нима иш қилаётгани-ю, қаерда хатога йўл қўйганини билиши мумкин эмасди. Іаммасини компаниянинг техника бўйича мутахассислари ҳал қилишган, ортиқча ҳаражатлар ҳақидаги хабарлар раҳбариятга етиб бормаслиги учун кўп масалалар менежерлардан сир тутилганди.
2009 йилда «GM» ёпилиб кетай деди. Фақат ўша пайлардаги мамлакат президенти Барак Обаманинг шахсан аралашуви туфайли компанияга яна бир имкон берилди. Чунки шундай автогигантнинг ёпилиши унга боғлиқ кўплаб корхоналар, дилерлик нуқталарининг беркилиб кетиши, юз мингшлаб одамларнинг ишсиз қолишига олиб келар, охир-оқибат бутун мамлакат иқтисодиётига катта зарба бўларди. Бу инқироз Америка солиқ тўловчиларига 50 миллиард доллар зарар келтириши мумкин эди.
Раҳбарият Баррани кадрлар билан ишлаш бўлимига бошлиқ қилди. У янги менежерларни ишга олди, эскиларини бўшатди, бир қанча муҳим кадрлар алмашинувини амалга оширди. У жуда самарали ишлади, қарор қабул қилишда аёлларга хос эгилувчанлик билан иш тутди.
2009–2014 йиллар орасида бошқарув кенгашида ҳам кўп ўзгаришлар бўлди. Беш йил ичида 5 та раҳбар алмашди. Ниҳоят, 2014 йилда Мэри Барранинг ўзини бошқарув кенгаши раиси этиб сайлашди. Ишлар ўнглана бошлади.
Мэри компаниянинг кўп миллионлик қарзларини узди, обрўсини тиклади, жамоада дўстона муҳит ўрнатди ва «GM»ни яна ишончли ва етакчи автосаноатчилар қаторидан жой олишига эришди.
Энди ким айта олади автомобил аёлларнинг иши эмас деб?!
Ҳозирда «GM» автомобил савдоси бўйича дунёда 3-ўринда туради (2008 йилгача 77 йил давомида биринчи ўринда бўлиб келган). Жаҳоннинг 35 мамлакатида автомобиль ишлаб чиқарувчи заводлари бор, 192 мамлакатда машиналарини сотади.
Факт
Туғилган: 24 декабрь 1961 йил (55 ёш), Waterford, Мичиган, АҚШ
Турмуш ўртоғи: Антони Барра
Болалари: Николас Барра, Рейчел Барра
Шаҳноза СОАТОВА тайёрлади






