Санкт-Петербург Давлат Дин тарихи музейи нафақат Россияда, балки бутун дунёда диний қарашларнинг юзага келиши, тарихи ва ривожланиб бориши ҳақида тўла тасаввур бера оладиган йирик маданий муассасалардан бири саналади.
Бугун музейдан 200 минг атрофида экспонат ўрин олган. Шарқ динлари тарихи бўлими фондида Ўзбекистон ҳудудидан келтирилган бебаҳо археологик экспонатлар сақланади. Музейнинг бош сақловчиси Валентина Нозуринанинг айтишича, бу ерда Қоратепа Будда ибодатхонасидан топилган, эрамиздан аввалги 4 асрга тегишли археологик ёдгорликлар, хусусан, Будда ҳайкалининг бош қисми музейнинг энг нодир экспонатларидан саналади. Фанда бу артефакт “Дивати боши” деб юритилади.

Қоратепадан топилган осори атиқалар орасида ғорлардан топилган деворий битиклар алоҳида ўрин тутади. Будда ибодатхона марказининг ғор қисмидан топилган бу лавҳалар Буддавийлик тимсоллари ва монументал сюжетли тасвирларни ўз ичига олган. Ҳайкалтарошлик намуналари, уй рўзғор буюмлари, кўплаб идишлар... Улар қадимги ҳинд алифбоси ва Бақтрия ёзувидаги битиклар билан сайқалланган.
Музейнинг ислом дини фондида Ўзбекистонга оид Қуръони карим нусхалари ва тафсири, халқ амалий санъати намуналари, фотосуратлар ва ўз фаолиятини ислом маданиятига бағишлаган рус рассомларининг тасвирий санъат асарларини кўриш мумкин.

6-8 июнь кунлари Санкт-Петербург шаҳрида ўтадиган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” мавзусида II халқаро Конгресс доирасида иштирокчилар ушбу бебаҳо осори атиқаларини кўришлари, улар ҳақида музей илмий ходимларининг қизиқарли маърузаларини тинглашлари мумкин.






