Индонезиянинг Lion Air авиакомпаниясига тегишли самолёт парвозга тайёрланаётган вақтда бортга портловчи қурилма ўрнатилгани ҳақида тарқалган хабар йўловчиларни ваҳимага солди, оқибатда 11 киши тан жароҳати олди, деб хабар берди Вести.ру нашри.
Маълум бўлишича, йўловчилардан бири самолётга бомба қўйилган, деб ҳазиллашган. Бортдаги йўловчилар бу ҳазилни жиддий қабул қилишган ва авиалайнернинг дум қисмида жойлашган авария чиқиш эшигидан ташқарига чиқишга ҳаракат қилишган. Эшик ёнидаги тирбандлик оқибатида йўловчилар турли даражадаги тан жароҳатларини олишган.
Воқеа жойига зудлик билан етиб келган ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари самолётни текшириб чиқишди. Текширув жараёнида ҳеч қандай портловчи қурилма аниқланмади. Ҳазили зилга айланган йўловчи эса қамоққа олинди.






