Марказий банк 2018 йил май ойининг дастлабки тўрт ҳафтасида асосий истеъмол товар ва хизматлар нархлари ўзгаришини кузатиш натижалари тўғрисида маълумотнома тақдим этгани ҳақида хабар берган берган эдик.
Мазкур даврда республика бўйича гуручнинг ўртача нархи 16,7 фоизга ўсди. Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, гуручнинг нархи ошишига таъсир кўрсатган асосий омиллар сифатида республикада ўтган йилга нисбатан об-ҳавонинг қуруқ келиши ва суғориш учун сув захиралари етишмовчилиги вужудга келишининг кутилиши, гуруч етиштирувчилар томонидан ушбу маҳсулот жорий таклифини камайтириб, келгуси давр учун захира қилишини кўрсатмоқда.
Бунда, гуруч импорти ҳажмларини ошириш ҳамда унинг ички бозордаги таклифини етарли даражада бўлишини таъминлаш ушбу маҳсулот нархини барқарорлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шу билан бирга, мазкур даврда гўшт маҳсулотлари нархининг ўртача суръатда ўсиши давом этди. Жумладан, мол ва қўй гўшти нархлари мос равишда 5,0 ва 3,7 фоизга ошди. Ушбу соҳа мутахассислари ва фермерлар билан ўтказилган сўровлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, гўшт нархининг ошишига асосий сабаб сифатида биржа нархларининг ўзгармасдан турганлигига қарамасдан, ем маҳсулотлари чакана нархларнинг ошиб бораётганлиги ҳамда қиш-баҳор мавсумида ёғингарчилик кам бўлганлиги сабабли яйловларда чорва моллари учун ўт камлиги кўрсатилган.
Эслатма
Қайд этиш лозимки, юқорида келтирилган истеъмол товар ва хизматлар нархларининг ўзгариш динамикаси иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларни таҳлил қилиш мақсадида Марказий банк томонидан олиб бориладиган кузатувларга асосан ҳисобланган. Республика бўйича истеъмол нархлари индекси Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳисобланади.






