Гавайининг 2.4 миллиард долларлик туризм саноати вулқон сабабли катта зарар кўрмоқда. Гавайи ороли сайёҳлик бюросининг маълум қилишича, май ва июль ойлари учун сайёҳларнинг ушбу ҳудудга ташрифи бўйича буюртмалари сони 50 фоиздан тушиб кетган.
Оролдаги туризм бизнеси вакиллари ҳудудга саёҳат қилиш ҳозир ҳам хавфсиз эканлигига сайёҳларни ишонтиришда давом этмоқдалар.
Вулқон отилишига қадар туризм саноати анча ривожланаётган эди. Гавайи туризм бюросига кўра, 2017 йилда “Катта орол”га 1.7 миллион сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, улар 2016 йилга нисбатан 14 фоиз кўпроқ вақт давомида хордиқ чиқаришган.
Вулқоншуносларнинг лава отилиши қачон тўхташи борасида аниқ фикрлари йўқ. “Агар вазият шу тарзда давом этса, биз мисли кўрилмаган даражада зарар кўрамиз. Орол ҳар қандай шароитга мослашиши керак. Биз одамларни жалб этиш учун ўзгача йўлларни топишимиз зарур” дейди Arnott’s Lodge & Hiking компанияси вакили Дуг Арнот.

Hawaii Forest & Trail туристик компаниясининг савдо ва маркетинг бўйича вице президенти Жасон Кохн эса ҳар соатда компанияга сайёҳлар томонидан буюртмаларни бекор қилиш ёки кейинга қолдириш бўйича қўнғироқлар бўлаётганлигини таъкидлайди. Унинг айтишича ҳозирча компания даромади 30 фоизга камайиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Гавайи оролларида кузатилган сейсмик фаоллик туфайли май ойининг бошида сайёрамиздаги энг фаол вулқонлардан бири – Килауэа уйғонган эди. ОАВ Гавайидаги вазият ҳамон ўта хавфлилигича қолаётганини қайд этмоқда. Сўнгги маълумотларига кўра Килауэа вулқонидан чиқаётган лава оқими Тинч океани қирғоқларигача етиб борган.
Килауэа вулқонининг номи "портловчи, отилувчи" деб таржима қилинади. Гигантнинг баландлиги денгиз сатҳидан 1247 метр юқорида. Бироқ, Тинч океанининг тубида жойлашган асосдан ҳисобланганда, вулқон баландлиги қарийб 6800 метрни ташкил қилади. Кузатувлар бошлангандан буён бир неча маротаба унинг қўзғалгани қайд этилган. Биринчи маротаба ҳужжатларда келтирилган сана 1790 йилга тўғри келади.






